Жамият | 23:17 / 06.10.2020
10923
2 дақиқада ўқилади

ССВ: коронавирусга қарши самарали препаратлар аҳолига давлат ҳисобидан берилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши самарали препаратлар аҳолига давлат ҳисобидан берилаётгани ҳақида маълумот берди.

«Мамлакатимизда пандемия шароитида юзага келиши мумкин бўлган дори-дармон тақчиллиги олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор чоралар кўрилмоқда. Аввало, ҳудудларда етишмовчилик кузатилаётган дори-дармонлар аниқланиб, уларни етказиб бериш масалалари ҳал этилмоқда. Ҳозирда ушбу дори воситаларининг 24 миллиард сўмлик захираси шакллантирилиб, айни пайтгача поликлиникалар орқали 300 минг тўплам дори қутилари аҳолига тарқатилмоқда. 

Маълумки, ҳозирда жаҳон тиббиётида коронавирус инфекциясидан даволаш учун «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дори воситалари кенг қўлланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, аҳолини айнан шундай сифатли ва қимматбаҳо препаратлар билан бепул таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар касалликнинг бошланғич босқичидаги беморлар учун 17 минг дона (17 минг нафар беморга мўлжалланган) «Фавипиравир» ва оғир ҳолатдаги беморлар учун 15 минг дона (2500 нафар беморга мўлжалланган) «Ремдесивир» дори воситаси даволаш муассасаларига бепул етказиб берилди. 

Энг эътиборлиси, юртимизда ҳам ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилаётган «Ремдесивир» препарати билан аҳолини таъминлаш қисқа вақт ичида бир неча баробарга оширилиши кутилмоқда. 

Шунингдек, айни пайтгача мактаб ўқитувчилари учун 4 миллион 715 минг дона таркибида коронавирусга қарши самарали бўлган цинк микроэлементи мавжуд препаратлар етказиб берилди. 

Давлат раҳбари томонидан ҳар ой шу каби дори воситалари туркумини республика шифохоналарига узлуксиз етказиб бериш бўйича тегишли топшириқлар берилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид