Жаҳон | 14:21 / 15.10.2020
5137
2 дақиқада ўқилади

Матвиенко Россия ва ЕИ муносабатларида янги тизим жорий этишни таклиф қилди

Россия Федерал Мажлиси Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко ТАCC нашрига берган интервьюсида Россиянинг Европа иттифоқи билан муносабатларида янги тизим жорий этишни таклиф қилди. Евроиттифоқ жорий қилаётган санкциялар мухолифат Алексей Навалнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ.

© AP Photo/Francisco Seco

«Санкциялар масаласига келсак… Биласизми, мен санкциялардан ҳайрон бўлмай қўйдим. Буни кўпроқ ҳазил тариқасида қабул қиляпман. Мен бу борада ташқи ишлар вазири Сергей Лавров берган баҳога қўшиламан. Биз ўз қадр-қимматимизни муносиб сақлашимиз ва Россияга нисбатан бундай муносабатда бўлишларига йўл қўймаслигимиз зарур», дейди Матвиенко.

«Биз ҳар қандай масалада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, биз очиқмиз. Бизни бармоқ билан кўрсатишни бас қилинг! Бизга ўргатишни тўхтатинг… Шунинг учун, ўйлайманки, биз Евроиттифоқ билан муносабатларимизни янги тизим асосида қурган ҳолда буларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишимиз керак.

Давлатлараро муносабатларни ортиқча сиёсийлаштирмаслик керак. Очиқ, ҳалол ва виждонли ҳамкор бўлиш керак. Келинг, аниқ бир мавзуга эга ва ўзаро ҳурмат асосида муҳокамалар олиб борамиз. Ҳамма нарсага бизни айбдор қилиб қўйилган ҳолда эмас.

Навальний тузалди, унинг аҳволи яхши. Лекин, кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда. Аслида биз таклиф қилгандек бўлиши керак эди: ушбу воқеа бўйича биргаликда тергов бошлашимиз ва бунинг ортида ҳақиқатан ким турганини билишимиз керак», деган у.

Аввалроқ, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва ва расмий Брюссель ўртасидаги мулоқот тўхташи мумкинлигини айтган эди. Дипломатнинг фикрича, Евроиттифоқ Россия билан муросага боришни хоҳламаяпти.

12 октябрь куни ЕИ давлатларининг ташқи ишлар вазирлари Алексей Навальнийнинг заҳарланиши туфайли Россияга қарши санкциялар жорий қилишга доир сиёсий қарор қабул қилган эди.

Мавзуга оид