Ўзбекистон | 16:12 / 01.11.2020
5545
3 дақиқада ўқилади

Жомашўйдаги канализация муаммоси: масала қачон ечим топиши номаълумлигича қолмоқда

Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги Жомашўй шаҳарчасида 56та кўп қаватли уй ва 16 та ижтимоий соҳа объектида марказлашган канализация тизими мавжуд эмас. Муаммони ҳал этиш масаласи президентнинг 2019 йил 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида кўтарилган эди.

Президент ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнининг 6-бандига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига Наманган вилоятининг Чуст, Поп туманлари ҳамда Жомашўй шаҳарчаси канализация тизимларини қуриш истиқболли лойиҳаларининг молиявий манбаларини аниқлаш ва икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериш вазифаси юклатилган эди.

Жорий йил 27 октябрь куни Наманган шаҳрида бўлиб ўтган ЎзЛиДеП пресс-клуби йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сардор Ғиёсов масъул вазирлик вакилларига нима сабабдан ўзи депутат бўлиб сайланган ҳудуд таркибига кирувчи Жомашўй шаҳарчаси канализация тизими шу кунгача дастурга кирмагани ва 2021 йил дастури бўйича киритилган лойиҳалар рўйхатида ҳам кўрилмагани бўйича савол билан мурожаат қилди.

Мутасадди ташкилотлар томонидан ушбу лойиҳа катта миқдорда маблағ талаб этилиши ва ушбу ишларни амалга оширишда халқаро молия ташкилотлари томонидан маблағлаштириш йўли билан амалга оширилиши айтиб ўтилди.

«Тўғриси, мен бошқачароқ жавоб кутгандим. Чунки аҳоли менга қачон ишлар бошланади, деган саволни қўяди», – дея мутасаддилар томонидан берилган жавобдан қониқмагани ҳамда аниқ муддат кўрсатилмаганини таъкидлади Сардор Ғиёсов.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Жомашўй шаҳарчаси канализация тизимини қуриш ишларига 85 млн доллар атрофида маблағ талаб этилади. Лекин шу кунга қадар ушбу маблағ манбаси ҳамда бажарилиш муддати кўрсатилмаган.

«Тасаввур қилинг, канализация тизими йўқ, бу қанча ноқулайликлар келтириб чиқаради. Гигиеник вазиятнинг бузилиши турли юқумли касалликлар кўпайишига ҳам сабаб бўлади», – дея қўшимча қилди у.

Депутатнинг сўзларига кўра, канализация муаммоси сайловолди учрашувларида ва сайловдан кейин ҳам аҳолининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид