Жаҳон | 14:42 / 12.11.2020
16534
2 дақиқада ўқилади

Давлат департаменти хорижлик раҳбарларнинг Байденга йўллаган мактубларини бермаяпти – ОАВ

Аввалроқ The Washington Post газетаси Давлат департаменти Байденнинг хорижлик етакчилар билан телефон орқали суҳбатларини уюштиришда иштирок этишдан бош тортаётганини ёзганди. 

Фото: REUTERS/Jonathan Ernst

Доналд Трамп маъмурияти Жозеф Байденга хорижлик раҳбарлар йўллаган мактубларни бермаяпти. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб CNN хабар берди.

Маълумот берилишича, анъанага кўра, Давлат департаменти сайланган президентнинг хорижий давлат раҳбарлари билан мулоқот ўрнатишини таъминлайди. Шу боис кўплаб давлатлар етакчилари Байденга йўллаган мурожаатларини Давлат департаментига жўнатишган.

Аммо амалдаги президент ўз мағлубиятини ҳалигача тан олмади ва ўз маъмурияти вакилларининг Байден жамоаси билан мулоқот қилишига тўсиқ қўйган. Байденга йўлланган бир неча ўнлаб мактублар Давлат департаментида тўпланиб қолган, дея қайд этади CNN.

Хабарда айтилишича, айрим давлатлар раҳбарлари Байден билан мулоқотга чиқиш учун Барак Обама даврида ишлаган дипломатларга мурожаат қилишга мажбур бўлишган.  

Аввалроқ The Washington Post газетаси Давлат департаменти Байденнинг хорижлик етакчилар билан телефон орқали суҳбатларини уюштиришда иштирок этишдан бош тортаётганини ёзганди.  

АҚШда президент сайлови 3 ноябрь куни бўлиб ўтди. АҚШдаги етакчи оммавий ахборот воситалари Байденнинг ғалаба қозонганлигини маълум қилди. Бироқ Доналд Трамп мағлубиятини тан олгани йўқ ва овозларни қайта ҳисоблаб чиқиш учун судга мурожаат қилишини билдирди.

Мавзуга оид