Ўзбекистон | 17:35 / 13.11.2020
27837
4 дақиқада ўқилади

Қўшни давлатларга чиқиши мумкин бўлган шахслар тоифалари ҳақида маълумот берилди

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдулҳамид Абдураҳмонов қўшни давлатларга чиқиши мумкин шахслар тоифалари ҳақида батафсил маълумот берди.

АОКАда ўтказилган брифингда қандай ҳолатларда ва қайси пост орқали Қозоғистон Республикасига чиқиш мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берилди.

Абдулҳамид Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 23 октябр кунидан бошлаб Қозоғистон Республикаси чегара қўшинлари билан келишилган ҳолда «Ғишт-кўприк» ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги шахслар ўтишига рухсат берилди:

  • ўз юртига қайтаётган Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси фуқаролари;
  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
  • расмий ҳукумат делегациялари таркибига кирувчи шахслар;
  • даволаниш, оғир касал бўлган яқин қариндошларини кўриш ёки яқин қариндошининг дафн маросимида иштирок этиш мақсадида кетаётган шахслар;
  • Қозоғистонда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари; Ўзбекистонда доимий яшовчи чет-эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • қўшни давлат ҳудудида жойлашган сув ёки хўжалик объектларига хизмат кўрсатувчи ходимлар;
  • ҳукуматлараро фельдъегерьлик хизмати ходимлари;
  • ўқиш мақсадида кетаётган шахслар;
  • халқаро йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар;
  • шу билан бирга барча тоифадаги учинчи давлат фуқаролари ҳам ушбу ўтказиш пункти орқали ҳаракатланишлари мумкин.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқарма бошлиғи ўринбосари қайси тоифадагиларга Ўзбекистондан Тожикистонга чиқишга рухсат этилганига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ҳозирги кунда Тожикистон Республикаси томонидан баъзи бир чекловлар бекор қилинмагани боис фақат қуйидаги тоифадаги фуқароларга давлат чегараси орқали ўтишга рухсат берилди:

  • халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар;
  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
  • расмий ҳукумат делегациялари таркибига кирувчи шахслар;
  • ўқиш мақсадида кетаётган шахслар.

Ушбу фуқаролар ўзбек-тожик чегарасида жойлашган «Сариосиё» ва «Ойбек» ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкин», деди Абдулҳамид Абдураҳмонов.

Шунингдек, кимлар Туркманистонга чиқиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.

Туркманистон томонидан ҳам чекловлар бекор қилинмагани боис қуйидаги тоифадаги шахсларга «Олот» ўтказиш пункти орқали чегарадан ўтишга рухсат берилган:

  • қўшни давлат ҳудудида жойлашган сув ёки хўжалик объектларига хизмат кўрсатувчи ходимлар;
  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари.

Маълум қилинишича, ўзбек-қирғиз чегарасида жойлашган барча ўтказиш пунктларида чекловлар бекор қилинган.

«Ҳозирда ўзбек-қирғиз чегарасида жойлашган барча ўтказиш пунктларида чекловлар бекор қилингани сабабли улар орқали Ўзбекистон фуқаролари, чет-эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар карантин қоидаларига риоя этган ҳолда бемалол ҳаракатланишлари мумкин.

Худди шундай мазмундаги саволлар Афғонистон чегараси бўйича ҳам келиб тушмоқда. Афғонистон Ислом Республикаси чегара қўшинлари билан келишган ҳолда жорий йилнинг 16 октябр кунидан бошлаб, «Термиз» автойўл ўтказиш пункти орқали барча тоифадаги Ўзбекистон ва Афғонистон фуқароларига давлат чегараси орқали ўтишга рухсат берилган», – деган ДХХ расмийси.

Бундан ташқари, қуйидаги тоифадаги учинчи давлат фуқароларига рухсат берилган:

  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
  • Ўзбекистон Республикасида инвестицион лойиҳалар доирасида ўз фаолиятини юритувчи хорижий компаниялар ва бошқа ташкилот ходимлари;
  • дипломатик ваколатхоналар сўрови асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тартибда ҳаракатланаётган шахслар;
  • Ўзбекистонда доимий яшовчи чет-эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • халқаро йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ходимлар.

Мавзуга оид