Ўзбекистон | 19:23 / 13.11.2020
34091
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари туман ҳокимларининг «Trailblazer»лари бўйича муносабат билдирди

Бугун, 13 ноябрь куни Самарқанд вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Ҳоким ўринбосари вилоятда камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, яқинда ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлган ҳолат – Нарпай, Иштихон ва Қўшработ туманлари ҳокимларининг «UzAuto Motors» АЖ сотаётган энг қимматбаҳо автомобиллардан бири – «TRAILBLAZER» харид қилгани юзасидан муносабат билдирди.

«Очиғини айтиш керак, ҳозирги шароитда туман-шаҳарлар ўзларида қолган маблағни ҳудудда камбағалларни камайтиришга сарфласа, мақсадга мувофиқ бўларди.

Биз пандемия даврида «Саховат ва кўмак» жамғармасига вилоят бўйича 24 миллиард сўм маблағ туширишни мақсад қилгандик. Туманларимиздан ҳам 14 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ йиғилди. Хусусан, юқорида тилга олинган туманлар ҳам режалаштирилган суммани жамғармага тушириб беришди. Ушбу маблағлар ҳудудларда қиш-баҳор фаслларида камбағал оилаларга кўмак беришга йўналтирилади.

Аммо бир фактни тан олишимиз керак, сўнгги йилларда туман-шаҳарларнинг маҳаллий бюджети ўзида қоляпти. Яъни, улар ўз маблағига ўзи хўжайин, биз бошқа мақсадларга йўналтиришга ҳаққимиз йўқ.

Шахсан «TRAILBLAZER» харид қилган туман ҳокимларининг аввал қандай машинада юришганидан хабардор эмасман.

Яна бир гап. Ҳудудларда маҳаллий бюджетни қаерга йўналтириш халқ депутатлари туман-шаҳар кенгашларининг қарори билан амалга оширилади. Демак, депутатлар қўл кўтаришдан олдин савол берсалар, ўша маблағларни камбағалчиликни камайтиришга йўналтирайлик десалар, ҳеч бир ҳоким бунга қарши боролмайди», дея Жамшид Ўроқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра Қўшработ тумани «қизил», Нарпай ва Иштихон туманлари эса «сариқ» ҳудудга киради. Қўшработда ҳозирги вақтда 1312та оила камбағал ҳисобланиб, ушбу оилаларда яшовчилар 5947 нафарни ташкил қилади. Нарпайда эса 2018та оила (яшовчилар сони 8771 нафар), Иштихон туманида 2052та оила (яшовчилар сони 9063 нафар) камбағал ҳисобланади.

Мавзуга оид