Ўзбекистон | 12:59 / 14.11.2020
12310
2 дақиқада ўқилади

Даврон Ваҳобов «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлайди

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисига биринчи ўринбосар тайинланди.

Фото: KUN.UZ

Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиш қарори билан раис ўринбосарлигига маъқулланган Даврон Абдужалолович Ваҳобов номзоди президент Мирзиёев томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова Kun.uz’га маълум қилди.

Унда айтилишича, давлат раҳбари Даврон Ваҳобов ҳақида фикр билдириб, у томонидан олиб борилган лойиҳалар чуқур билим ва тажрибага таянганини таъкидлаган.

«Даврон Ваҳобов – ёш ва малакали, тўқимачилик саноатида лойиҳаларни шакллантириш, технологик жиҳатдан мукаммаллаштириш ва маҳсулот сифатини оширишда катта тажрибага эга», – деган президент.

Суратда Даврон Ваҳобов президент Мирзиёевни Қашқадарёдаги «Oqsaroy vortex» тўқимачилик комбинати фаолияти билан таништирмоқда.

Даврон Ваҳобов 1981 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 2001 йилда Тошкент кимё-технология институти бакалавриатини ва 2003 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратурасини тамомлаган. 2007 йилда эса Тошкент давлат юридик университетини сиртқи таълим бўйича тугатган.

У бу вақтга қадар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, «Oqsaroy textile» МЧЖ тизимидаги қатор вазифаларда ишлаган.

Хабарда қўшимча қилинишича, Ваҳобов томонидан шу вақтга қадар «Oqsaroy textile», «Zarbdor textile», «Oq saroy Vortex», «Ostex textile Jizzax», «Sardoba Oq saroy textile» каби йирик тўқимачилик лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

Мавзуга оид