Жаҳон | 20:53 / 16.11.2020
5344
2 дақиқада ўқилади

Молдованинг амалдаги президенти сайловлар натижалари бўйича баҳслашишини айтди

Молдованинг амалдаги президенти Игорь Додон мамлакатда ўтган президент сайловларида ғалаба қозонган рақиби Майя Сандуни табриклади. Бироқ Додон сайловлар натижалари бўйича судга арз қилмоқчи.  

Фото: РИА Новости

“Дастлабки натижалар, менинг рақибим, Майя Санду хоним ғалаба қозонганини кўрсатмоқда. Гап дастлабки натижалар ҳақида бормоқда. Ва мен уни бу билан табрикламоқчиман”, деб маълум қилган Додон брифингда. 

Додон уни қўллаб-қувватлаган сайловчиларга мурожаат қилиб, осойишталикни сақлашга чақирган. 

“Мени қўллаб-қувватлаганларга мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли ҳамюртлар, сайловчиларнинг деярли ярми менинг номзодимни қўллаб-қувватлади. Мен сизларни тинчликка чақираман, ҳеч қандай норозиликлар ёки барқарорсизлик керак эмас. Кўчага чиқиш керак бўлса, мен бу ҳақда сизга айтаман”, деб таъкидлаб ўтган амалдаги президент.

Молдовада 15 ноябрда ўтган президент сайловларида собиқ бош вазир ва Европани қўллаб-қувватловчи “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси номзоди Майя Санду 57,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Амалдаги президентга эса 42,2 фоиз сайловчилар ўз овозини берган.

Додоннинг таъкидлашича, у Сандунинг ғалабаси бўйича баҳслашмоқчи. 

“Сайлов штабим сайловлар вақтида кўплаб қоидабузарликлар содир этилганини қайд қилди. Биз бу ҳолатларни текширамиз. Барча суд инстанцияларидан ўтамиз. Агар улар барчаси қонунга мувофиқ бўлганини тасдиқласа, ушбу сайлов кампаниясига нуқта қўямиз”, деб айтган Додон.

Мавзуга оид