Болаларда онкологик касалликлар юзага келишида эмбрионал омиллар асосий ўрин эгаллайди - мутахассис
Онкологик касалликлар нафақат катта ёшдаги аҳоли, балки болалар саломатлигига ҳам жиддий таъсир этаётган муаммолардан биридир. Мутахассисларнинг фикрича, бундай касалликлар профилактикасига оид тадбирларни самарали ташкил этиш ва касалликни эрта босқичда аниқлаш орқали минглаб беморларни соғлом ҳаётга қайтариш мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазирликнинг болалар бош онкологи, тиббиёт фанлари номзоди Тожиддин Мустафоев билан суҳбат уюштирди.
— Бугунги кунда болалар ўртасида қандай онкологик касалликлар кўп учраяпти?
— Болалар ўртасида учрайдиган онкологик касалликлар ичида гемабластозлар қарийб 40 фоизни ташкил этади. Шунингдек, марказий асаб тизими ўсмалари, нейробластомалар, буйрак, суяк, юмшоқ тўқималар, қулоқ, томоқ, бурун, жигар ва жинсий аъзолар хавфли ўсмалари учраб туради.
— Бундай касалликлар келиб чиқишининг асосий сабаблари нимада ва унинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
— Болаларда онкологик касалликлар юзага келишида эмбрионал омиллар асосий ўрин эгаллайди. Болаларда хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш учун, аввало, ота-она соғлом бўлиши, оилада соғлом муҳит яратилиши, инсон зарарли иллатлардан холи бўлиши, шунингдек, экологик муҳит мусаффолиги жуда муҳим ҳисобланади.
— Болада хавфли ўсма ривожланаётганини қандай билиш мумкин?
— Бола ҳолсизланади, камқонлик ривожланиб боради, тана ҳарорати 37-37,5 даражагача кўтарилади. Бундан ташқари, тана вазни камаяди, периферик лимфа тугунлари, жағости, қўлтиқости, бўйин, човларда лимфа тугунлари катталашади. Ана шундай аломатлар кузатилса, болани онколог кўригига йўллаш керак. Бугунги кунда ҳудудларимиздаги тиббиёт муассасаларида болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича замонавий имкониятлар яратилган.
— Баъзи болаларда халқимиз тилида нор, хол дейиладиган ҳосилалар бўлади. Булар бола учун хавф туғдирадими?
— Нор тиббиёт тилида гемонгиома деб аталади. Бундан ташқари, болаларда лимфангеомалар, суяк остеомалари, юмшоқ тўқималарда ҳар хил хол кўринишидаги ҳосилалар учраб туради. Булар хавфсиз ўсмалар ҳисобланади. Бироқ баъзилари хавфли ўсмага айланиши мумкин. Шу боис, боланинг баданидаги бундай ҳосилаларни ота-она ўз билганича бартараф этишга уриниши, холларни юлишга ҳаракат қилиш ёки ҳар хил ёғлар суриб йўқотишга уриниш асло мумкин эмас. Бу оғир оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин.
Агар боланинг баданида бундай ҳосилалар бўлса, албатта, болани тегишли мутахассис кўригидан ўтказиб, шифокор тавсияларига амал қилиш лозим. Оилаларга кириб борганингизда ота-оналарга бу хусусда етарлича тушунча берсангиз болалар саломатлигини асрашга муносиб улуш қўшган бўласиз.
— Папиллома вируси инсон соғлигига қанчалик зарар етказиши мумкин?
— Папиллома вирусли касаллик ҳисобланади. Айрим кўринишлари онкологик хасталикларни келтириб чиқаради. Хусусан, аёллардаги бачадон бўйни саратони ривожланишида айнан папиллома вируси етакчилик қилади. Бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейинги ўринни эгаллайди.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда биргина 2018 йилда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 минг янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 мингдан ортиқ аёл вафот этади. Жумладан, мамлакатимизда ҳам ҳар йили минглаб аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Касалликнинг олдини олишнинг энг мақбул усули эмлашдир.
Мавзуга оид
20:37 / 22.11.2022
ХТВ ва ССВ тизимларида бюджетнинг 77 млрд сўми ноқонуний ишлатилди
23:20 / 11.05.2021
ССВ: Ўз вазифасига совуққонлик билан қараган тиббиёт ходимлари вазифасидан озод этилди
18:59 / 04.05.2021
Энди белгилари яққол намоён бўлган беморларга ногиронлик муддатсиз берилади
13:46 / 29.04.2021