Британия 2030 йилдан бензин ва дизелда юрувчи машиналар савдосини тақиқлайди
Британия бош вазири маъмурияти расмий сайтида ёзилишича, ҳукуматнинг 10 бандли «Яшил саноат инқилоби» режаси доирасида 2030 йилдан бошлаб бензин ва дизел ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситалари савдоси тақиқланади.
Баёнотда 2030 йилгача шамол энергиясидан олинадиган энергияни 4 баравар кўпайтириш режалаштирилгани ва фақатгина шу соҳада 60 минг янги иш ўрни яратилиши таъкидланган.
Хабарга кўра, водороддан олинадиган энергия қуввати 2030 йилга келиб 5 гигаваттга етиши кутилмоқда. Шунингдек, атом энергиясининг тоза энергия манбаи сифатида қўллаб-қувватланиши айтилган. Британия катта атом электр станцияларидан ташқари, ривожланган кичик АЭСларни қуриш орқали бу соҳада жами 10 минг кишини иш билан таъминламоқчи.
Қиролликнинг «яшиллаштириш лойиҳасига» кўра, электрда ҳаракатланувчи транспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзлар берилади, уларни қувватловчи шохобчалар сони кўпайтирилади. Мамлакатда жамоат транспортида, велосипедда ва пиёда юриш рағбатлантирилади. Кейинги босқичда эса углерод чиқармайдиган самолётлар ва кемалар ишлаб чиқариш бўйича тадқиқот ишлари қўллаб-қувватланади.
Режа доирасида уйлар, мактаблар ва шифохоналар энергия тежамкор қилиб қурилади, углерод чиқиндиларини йўқ қилиш бўйича технологик ҳаракатлар жадаллаштирилади. Ҳар йили 30 минг гектар ерни ўрмонлаштириш ва Лондоннинг молиявий маркази Лондон Ситини яшил молия марказига айлантириш ишлари бошланади.
Мавзуга оид
13:07 / 09.11.2024
Қозоғистон Британия санкцияларига дучор бўлган компаниялари ҳақида изоҳ берди
17:59 / 08.11.2024
Британияда эркак газли ичимликларга қарамликдан қутулиш учун гипноздан фойдаланди
09:05 / 07.11.2024
Қашқадарё вилояти ҳокимига Британиядан маслаҳатчи тайинланди
17:26 / 06.11.2024