Жамшид Қўчқоров Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни пастлигича қолаётганига изоҳ берди
Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Муҳокамалар давомида сенатор Малика Қодирхонова бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровдан ҳисоботда алоҳида фаолият турларига лицензия ва рухсат бериш тартиби қисқаргани кўрсатиб ўтилган бўлса-да, Ўзбекистон Бизнесни юритиш индекси бўйича 190та мамлакат орасида Қурилишга рухсатномалар олиш индикаторида 132-ўринда, Халқаро савдо индикаторида эса 152-ўринни эгаллаб тургани бўйича изоҳ сўради.
«Лицензиялаш бўйича қиладиган ишларимиз кўп. Кўп чоралар кўришимиз керак. Ҳақиқатан ҳам халқаро рейтингларда қурилиш, халқаро савдо соҳасида ўринлар ҳамон жуда паст. Шунинг учун лицензиялаш тўғрисидаги янги тартибни киритмоқчимиз. Шунга биноан бу ишларни давом эттириб, ўйлаймизки, қурилиш, савдо-сотиқ соҳасида рейтингларимизни яхшилаб оламиз», дея Жамшид Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бош вазир ўринбосарининг фикрига кўра, рейтинглар юритилишининг асосий мақсади – одамлар, тадбиркорлар фаолиятини осонлаштиришдан иборат.
«Рейтинг бу ким учундир эмас. Рейтингда кўтарилдик, дегани бизнинг одамлар, тадбиркорларга осон дегани. Буларнинг ҳар бири бўйича савол берилади.
Рейтинг ўз қийматига эга. Масалан, кеча Молия вазирлиги евробонд чиқарди. Евробонд чиқаришдан аввал биз Standard & Poor's, Fitch рейтинг агентликлари билан ҳар олти ойда суҳбат ўтказамизда, рейтингимизни тасдиқлаймиз.
Мисол учун, 100та мамлакатда рейтинг бўладиган бўлса, (тўғриси аниқ билмайман), рейтинг агентликлари 2020 йилда 50-60тасининг рейтингини пасайтирди. Кўпчиликнинг рейтинги пасайди, Ўзбекистонники пасаймади. BB- жуда зўр рейтинг эмас, лекин ўзимизга мос рейтинг. 2019 йилда биринчи марта шу рейтингни олган бўлсак, шу қолди.
Мана биз рейтингимизни сақлаб қолдик. Суверен рейтингнинг ичида эса ҳамма нарса бор: энергияга уланиш, қурилиш, ташқи савдо – ҳамма-ҳаммасининг якуний баҳоси. Куни кеча Молия вазирлиги 555 миллион долларга евробонд орқали қарз жалб қилди – 10 йилга 3,7 фоизга.
Иқтисодчи бўлмаган одам ҳам кўриб турибди – худди бир имтиёзли кредитдай, бозор шартларида. 2019 йилда ҳам 500 миллион 10 йиллик облигация сотиб, қарз олганмиз. Шунда демак, 10 йиллигимиз 5 фоиздан баланд бўлган, ҳозир эса 3,7 фоиз. Бу нимадан далолат беради? Мамлакатимизда ҳурматли президентимиз олиб бораётган сиёсат.
Кеча ярим кечаси Bloomberg маълумот чиқаряпти, Ўзбекистон қарз бозорига яна чиқди, ижобий, бошқа деб. Бутун МДҲни график қилиб келтирганда ҳамманики минус турибдида, битта Ўзбекистон плюс турибди. 1,5 фоиз баҳолаган экан, майли, 1,5 фоизми, 0,7 бўлар. Гап 1,5 ёки 0,7 фоизда эмас. Гап – ижобий жараёнда. Ижобий иқтисодий ўсишда.
Энг катта муаммомиз – ҳалигача бизда айрим мутасаддилар рейтинг ким учундир деб ўйлайди. Рейтингнинг қиймати бор. Мен ҳозир мисол келтирдим. Агар 500 миллион долларга нисбатан фоизимиз ўтган йил 1,5 фоизга камайган бўлса, бир йил нуқтайи назардан ҳисоблаб олаверайлик: 1,5 фоиз 500 миллион доллардан қанча бўлишини, тамом», деди Жамшид Қўчқоров.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024