Ёшлар иттифоқи қурувчининг ҳақини бермаяпти. Бюджетдан ажратилган пуллар қаерда?
Жиззах шаҳрида Ёшлар инновацион марказини қурган қурувчининг 9 млрд сўм ҳақи бир ярим йилдан бери тўлаб берилмаяпти. Ёшлар иттифоқи кимни алдамоқчи?
Ҳақдорнинг ҳақини бермаслик – на виждонга, на қонунга тўғри келади. Аммо Ёшлар иттифоқи учун бу қадрият бегонадек кўринмоқда.
Сиз суратларда кўриб турган ушбу бино қурилишида ўнлаб уста-қурувчилар қатнашган. Ғишт терувчи, чилангар, сувоқчи, эшик-ром устасидан тортиб электриккача. Уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор. Улар рўзғор тебратиш дардида шу қурилишда ишлаган эди. Аммо...
«Ҳақимни ундиришга суд қарори ҳам ёрдам бермаса...»
Жиззах вилояти марказидаги Ёшлар марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ шуғулланган. Бинонинг қуриб-битказилиб, фойдаланишга топширилганига ҳам қарийб бир йил бўляпти.
Объектнинг жами қиймати 14 млрд 343 млн сўмни ташкил этади. Ушбу сумманинг 5 млрд 446 млн сўми қурувчи тадбиркорга тўлаб берилган холос. Қарийб 9 млрд сўмни ундиролмай қурувчининг жони ҳалак.
Бу орада бир неча марта иттифоқ билан судлашишга ва ҳақлигиданки ютиб чиқишга ҳам улгурди. Бу ҳақда Kun.uz жорий йил май ойида, «Ёшлар иттифоқи қурувчи тадбиркорнинг 10 млрд сўм ҳақини бермаяпти» сарлавҳали мақола ҳам эълон қилган эди.
Дастлаб корхона Тошкент туманлараро иқтисодий судига «Yoshlar qurilish invest» МЧЖдан 10 млрд 473 млн сўм маблағни ундириш бўйича даъво аризаси киритади. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 28 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилади ва «Yoshlar qurilish invest» МЧЖдан «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ фойдасига 10 млрд 473 млн сўм асосий қарз ва 160 млн сўм пеня ундириш белгиланади.
Аммо жавобгар томон қарордан норози бўлиб судга кассация тартибида шикоят киритади. Kun.uz мухбири мазкур суд жараёнларини бевосита кузатди.
Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ва «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ вакиллари судга илтимоснома киритиб, бажарилган ишлар бўйича жами суммага эътирозлари борлигини, қурилиш ишлари бўйича назорат ўлчови тайинлашни, назорат ўлчови қанчага хулоса қилса, ўшанча суммани тўлаб беришга тайёр эканликларини билдиришган.
Илтимоснома қаноатлантирилиб, қурилиш ишлари бўйича назорат ўлчови тайинланади ва уни ўтказиш «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг мутахассисларига юклатилади. Назорат ўлчови қарийб 3 ой давом этади ва ниҳоят ҳақиқатда бажарилган иш 14 млрд 343 млн сўм экани ҳақида ўз хулосасини судга тақдим этди.
Ушбу хулосани инобатга олиб, Тошкент туманлараро иқтисодий суди шу йилнинг 19 октябрида тадбиркорга «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ ҳисобидан даъвогар фойдасига тўланмай қолган 8 млрд 897 млн сўмни тўлаб бериш мажбуриятини назарда тутувчи ҳал қилув қарори чиқарди.
Бугунга қадар тўлаб берилган маблағ 5 млрд 446 млн сўм, шунинг 1 млрд 366 млн сўми кассация инстанцияси қарори чиққандан кейин амалга оширилган. Айни кунда тадбиркор иттифоқдан қарийб 9 млрд сўмга ҳақдор бўлиб турибди.
Афсуски, бу пулни тўлаб бермаслик учун иттифоқдаги ўйинлар давом этмоқда.
«Yoshlar qurilish invest» МЧЖнинг ҳисоб рақамига МИБ томонидан банд солинган. Аммо бу ундирувга сариқ чақа бўлсин фойда бергани йўқ. Боиси «Yoshlar qurilish invest» Марказий кенгаш ажратадиган маблағлар ҳисобига кун кўради, унинг бошқа даромад манбайи йўқ, бўлганда ҳам бунча суммани тўлаб бера олмаслиги аниқ.
«Ўша пайтдаги Марказий кенгаш раҳбарларининг ваъдаларига ишониб, қурилиш ишларига ўзимнинг ёнимдан маблағ сарфладим. Ҳозирда ишчилардан, қурилиш материаллари етказиб берувчилар ва бошқа ёрдамчи пудратчилардан миллиардлаб қарздорлигим бор. Корхонам эса банкротлик ёқасига келиб қолган. Ҳақимни ундиришга суд қарори ҳам ёрдам бера олмаяпти», – дейди тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев.
«Иш битди, эшак лойдан ўтди»
Аввалига Қаҳрамон Қуронбоев, кейинчалик Алишер Саъдуллаев, энди эса Акмал Жумабоев бошқарувига ўтган бу ташкилотдагилар тадбиркорнинг пулини тўлаб бериш ҳақида жўяли бош қотираётганлари йўқ.
Иттифоқнинг Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур объектни реконструкция қилиш бўйича Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, буюртмачи «Ёшлар қурилиш инвест» МЧЖ ҳамда Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти Кенгаши томонидан ўзаро (50/50) «Манзилли дастур» тасдиқланган ва тўрт томонлама муҳрланган. Шунга кўра, харажатларнинг ярмини вилоят ҳокимлиги тўлаб бериши керак, деб ҳисобламоқда Марказий кенгаш расмийлари.
Табиийки, Kun.uz Жиззах вилоят ҳокимлиги билан боғланди. Ҳокимлик эса бу объект реконструкцияси учун маблағ ажратмаганини билдирди.
Ҳукуматнинг тегишли баёнида, ушбу қурилиш бўйича барча харажатлар Марказий кенгаш маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган, ҳокимликка фақат бинони ажратиш ва оператив бошқариш ҳуқуқи билан Марказий кенгаш балансига топшириш вазифаси юклатилган, дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати тақдим этган ахборотда.
Хуллас, ким ва қайси ташкилот бўлишидан қатъи назар, иш битди, эшак лойдан ўтди, қабилида йўл тутмоқдалар.
Ёшлар иттифоқи кимни алдамоқчи?
2019 йил 19 апрел куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов имзолаган чора-тадбирларнинг 35-бандида, Жиззах шаҳрида «Ёшлар инновацион маркази»ни ташкил этишнинг молиялаштириш манбаси сифатида Ёшлар иттифоқи қатъий белгиланган.
Иттифоқнинг вилоят ҳокимлигига «осилиши» шу қадар мантиқсизки, ҳатто ҳокимлик истаган тақдирда ҳам бу пулни тўлаб бера олмайди. Сабаби, бирор ҳужжатда вилоят ҳокимлиги томонидан маблағ ажратилишига оид кўрсатма ёки мажбурият назарда тутилмаган.
Тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев тақдим этган яна бир ҳужжат кўп нарсага ойдинлик киритгандек бўляпти. Бу ҳужжат – Марказий кенгаш маблағлари ҳисобидан 2020 йилда амалга ошириладиган қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари манзилли дастури. Уни Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси А.Жумабоев, «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ директори А.Хўжақулов ва иттифоқнинг бошқа масъул ходимлари имзолаган. Ҳужжатнинг 8-бандида, 2020 йил 1 январ ҳолатига Жиззах вилоятидаги Ёшлар марказини реконструкция қилишнинг молиялаштирилмаган қолдиқ суммаси 9 млрд 358 млн сўм қилиб кўрсатилган (объектнинг жами суммаси 15 млрд 68 млн сўм). Жадвалда айнан шу объект 8 млрд 633 млн сўмга 2020 йилда молиялаштирилиши кўзда тутилгани кўринади.
Хўш, энди хулоса қилиб кўрайлик, Ёшлар иттифоқи кимни алдашга уриняпти? Президент ва ҳукумат кўрсатмаларига ишонган тадбиркорнинг айби нимада? Нима учун у бу тарзда сарсон қилинмоқда?
Дастлаб шу ишларнинг тепасида турган ва ҳозирда ҳам соҳани етарлича назорат қилаётган президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев мазкур масаланинг ижобий ечими учун жавобгарликни ўз зиммасига олса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Акс ҳолда тадбиркор Марказий кенгаш ва вилоят ҳокимлиги ўртасида узоқ вақт «копток» бўлишда давом этади.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири
Муҳиддин Қурбонов, тасвирчи
Мавзуга оид
09:45 / 10.09.2024
Жиззахда уч ака-ука шифохонада безорилик қилди
12:54 / 19.06.2024
Жиззахда одам ўлимига сабаб бўлган талаба Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида суд залидан озод қилинди
11:59 / 14.01.2024
«Бу жуда катта жиноят» – хорижлик ва ўзбекистонлик мутахассислар дудуқланадиган болани қўпол сўзлар билан даволаш ҳақида
09:13 / 24.12.2023