Энергетика вазири GTL заводида юз берган ҳодисага изоҳ берди
Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов Alter Ego лойиҳасига интервью берди. Суҳбат давомида Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги «Uzbekistan GTL» заводида юз берган оммавий тартибсизлик ҳақида савол берилди.
Энергетика вазирининг айтишича, ўзи ҳам заводга борган ва ишчилар билан учрашиб, гаплашган.
«У ерда вилоят ҳокими ҳам, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳам, вилоят раҳбарияти ҳам бор эди. Биз улар билан учрашиб, ўрта бўғиндаги барча ходимларни тўпладик, бу - бригадирлар, усталар, прораблар, ишчилар. Иш ҳақи тўлашда муаммолар борми, деб савол берилганида, уларнинг барчаси йўқ деди. Бу ўйлаб топилган. Мен тушунаман, ҳар доим қандайдир сенсацияни хоҳлашади, бу қандайдир негатив чиқса кучаяди. Шунинг учун иш ҳақи бўйича умуман эътироз бўлмади, компания маошларни ўз вақтида тўлаяпти.
Биз бориб, комиссия билан биргаликда у ерда яратилган турар жой шароитини, меҳнат шароитини текширдик. Уларнинг бари керакли талабларга жавоб беради. Муаммо нимада эди? Менинг фикримча, муаммо ишчилар билан мулоқотнинг бўлмаганида эди, карантин жорий этилди, одамлар чарчади. Тасаввур қилинг, қурилиш майдончасида бир жойда 12 минг одам йиғилган. Карантин чекловлари жорий қилинган март ойида биз у ерда қатъий тартиб ўрнатдик. Сабаби, қурилиш муддатларига риоя қилишимиз керак, агар одамлар касал бўлса, қурилиш ҳам тўхтайди. Кўп жойларда ва лойиҳаларда шундай бўлди ҳам - хорижий мутахассислар жўнаб кетди, бизнинг мутахассисларимизга ҳам жавоб бериб юборишга тўғри келди, баъзи лойиҳалар тўхтаб қолди. Бироқ, бу лойиҳани сақлаб қола олдик. Хорижий мутахассислар билан келишув бор эди, яъни майдончада карантин бўйича барча шароитлар яратилди, шифохонада ташкил қилинди, ихтисослаштирилган тиббий хизмат таъминоти йўлга қўйилди ва профилактик чоралар кўрилди, шифокорлар назорати остида профилактика учун берилган дори-дармонлар олиб келинди. Биз вазиятни ушлаб тура олдик, кейинчалик, ёзда чекловлар юмшатилди ҳамда касалланиш ҳолатлари кўпайди, майдончамизда 1000 нафаргача киши касал бўлди. Табиийки, биз уларни қўйиб юбормадик ва комиссиянинг ходим касалланса, компания даволаши кераклиги ҳақидаги талаби билан одамлар ўша ерда даволанди. Шундан сўнг нисбатан қатъий карантин чекловлари жорий қилинди.
Биринчи норозилик ҳолати у ерда 90 кун муддат давомида уйда бўлмаган хорижий мутахассислар жавоб сўраганида ва уларга рухсат берганимизда бўлди. Биз маҳаллий мутахассисларни ишга олдик, бу асосан хорижда вақтинча ишлаб қайтган ёшлар эди. Мени ёшларимиз жуда инжиқлик қила бошлагани ҳайратга солди. Улар 40 кун уйда бўлмагани ҳақида эътироз қила бошлади, асосийси шу эди. Одамлар психологик жиҳатдан чарчаганди. Мен бизнинг давримизда қандай қилиб икки йил армияда хизмат қилишган экан, деб ўйланиб қолдим.
Асосий сабаб одамларнинг психологик жиҳатдан чарчаганида бўлди. У ерда шунчаки сабаб керак эди, агар нонуштага ўтказадиган махсус тартиб бўлмаганида, бошқа бирон нарса бўлар эди. Менинг фикримча, бу ўрта бўғиндаги раҳбарларнинг айби, улар одамлар билан мулоқот қилиши керак.
Бир нарсани тушуниш керак - бундай объектларда овқат бермаслик, даволатмаслик, иш ҳақи бермасликнинг ўзи имконсиз. Бунинг ўзи имконсиз. Биз улар билан суҳбатлашганимизда, баъзилар иш ҳақини ошириш ҳақида сўради. Улардан иш ҳақи қанча экани, ишга келаётганида маоши ҳақида билгани ёки билмагани сўралганида, билганини айтди. Ўзи шундай иш ҳақига рози бўлиб келган. Яна бири уйига, яъни Бухорогача бўлган йўл ҳақини тўлаб беришларини талаб қилди. Унга ҳоким тўғридан тўғри айтди: йўл ҳақини тўлаш, оила боқиш учун иш ҳақи оляпсан-ку, сен бу ерга маълум бир маош учун келгансан, нега ҳозир сенга йўлни ҳам тўлаб беришимиз керак. Биз тахминан 250 киши билан гаплашдик. Яна бир марта айтаман, бу нафақат раҳбарлар, балки оддий ишчилар ҳам эди. Кўпчилик кейин узр ҳам сўради, бироқ бу ёши катта ишчилар эди. Улар «биз айбдор эмасмиз, чеккада тургандик», деди. Мен «агар сизлар бир четда турган бўлсангиз, унда сизлар ҳам айбдорсиз», дедим. Рўй берган ҳодисада биз ҳам айбдормиз, улар ҳам айбдор. Асосан ёшлар эди, ҳар ким нима қилаётганини аниқ тушуниши керак. Жиноят содир этиб, жазо ҳақида ўйламаслик мумкинми?» - деди Алишер Султонов.
Жорий йилнинг 21 октябрь тонгида «Uzbekistan GTL» заводи ишчилари норозилик билдириб, завод мулкига зарар етказгани акс этган видеолар тарқалганди.
Ушбу тўполонда ишчилар заводга 480 миллион сўм зарар етказган. Заводда ўрнатилган тартиб-қоидадан норози бўлиб безорилик қилганларга нисбатан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «в» банди ва 277-моддаси 2-қисми «б, в, е» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга оид
09:05 / 07.11.2024
Қашқадарё вилояти ҳокимига Британиядан маслаҳатчи тайинланди
13:17 / 20.10.2024
Қашқадарёдаги ЙТҲда Nexia иккига бўлиниб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди
17:21 / 08.10.2024
Қашқадарёда деҳқон хўжалиги учун берилган 4 гектар ерни 100 минг долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди
12:38 / 27.09.2024