Жамият | 17:33 / 07.12.2020
3935
3 дақиқада ўқилади

Таълим инспекцияси Европа таълим инспекциялари тармоғига аъзо бўлди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Европада таълим миллий ва минтақавий инспекциялар ассоциацияси SICI (The Standing International Conference of Inspectorates)га аъзо бўлди.

Ушбу ассоциация таълим соҳасидаги инспекция жараёнларини такомиллаштириш бўйича халқаро анжуманлар, тренинглар ўтказиш орқали аъзо давлатлардаги инспекция жараёнларида дуч келинадиган долзарб муаммоларни бартараф этиш, инспекциялар фаолиятини яхшилашга қаратилган стратегиялар ишлаб чиқишни мақсад қилган. Бунда инспекторларнинг касбий кўникмаларини ошириш, инспекциялар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва мавжуд ҳамкорликлар ривожланишини қўллаб-қувватлаш, ўзаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор берилади.

1995 йилда ташкил топган мазкур халқаро ташкилотнинг бош офиси Брюссел шаҳрида жойлашган бўлиб, ҳозирда унга 40дан ортиқ давлатларнинг таълим инспекциялари аъзо бўлган. Жумладан, Англиянинг Ofsted (The Office for Standards in Education, Children’s Services and Skills) – Қиролича ҳузуридаги мактаб инспекцияси департаменти, Финландиянинг FINEEC (Finnish Education Evaluation Centre) – Финландия таълимни баҳолаш миллий маркази, Германиянинг IEMQD (Institute for Educational Monitoring and Quality Development) – Таълим мониторинги ва сифатини ривожлантириш институти, Швециянинг мактаблар инспекцияси (Swedish Schools Inspectorate), Эстониянинг Таълим ва илмий тадқиқотлар вазирлиги департаменти (Department Ministry of Education and Research) ва бошқалар.

Марказий Осиё минтақасидан бу ассоциацияга Ўзбекистон таълим инспекцияси ягона аъзо ҳисобланади (МДҲ давлатларида Украина ва Ўзбекистон). Мазкур уюшмага аъзо бўлиш келгусида инспекция жараёнлари сифатини оширишга, Европа инспекторлари билан тажриба алмашишга, қолаверса, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган таълим лойиҳаларининг Ўзбекистонга жалб этилишига хизмат қилади.

Ҳамкорликнинг илк намунаси сифатида Таълим инспекцияси вакиллари онлайн форматда ўтказилган SICI’нинг 25-Бош Ассамблеясида иштирок этиб, европалик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишди.

Мазкур нуфузли тадбирда ассоциация директори Шантал Манес ва турли давлатларнинг вакиллари ўз чиқишлари билан иштирок этишди.

Бунда пандемия даврида ўқувчиларнинг мактабга қайтиши, дуч келинадиган муаммолар, мактаб тизимидаги ўзгаришлар ва бу жараёнда инспекцияларнинг роли муҳокама қилинди. Бундан ташқари, имтиҳонлар ва ўқувчиларни баҳолаш тизими, рақамли технологиялар ва ўқитиш жараёни, пандемия даврида таълимда ижтимоий тенгсизлик кучайиши муаммолари муҳокама қилинди. 

Мавзуга оид