Ўзбекистон | 17:57 / 12.05.2022
9668
2 дақиқада ўқилади

Таълим инспекцияси лицензияси бўлмаган сохта ОТМларга ишониб қолишдан огоҳлантирди

Лицензия олмасдан фаолият юритадиган нодавлат ОТМлар берадиган дипломлар ҳеч қаерда тан олинмайди, шунинг учун эҳтиёткор бўлиш лозим, деб огоҳлантирди Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси.

Фото: PhotoXpress

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фуқаролардан “UNIVERSITY AT-TERMIZIY” MCHJ томонидан берилган дипломлар Ўзбекистонда тан олинадими?” деган мурожаатлар бўлаётганини, бироқ бу таълим ташкилоти Ўзбекистонда олий таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай лицензияга эга эмаслигини маълум қилди.

 “Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат ОТМлар томонидан берилган дипломлар тан олинмайди”, деб огоҳлантирди инспекция.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда нодавлат ОТМларга лицензия бериш тизими соддалаштирилган ва тезлаштирилган. Масалан, 2018 – 2020 йиллар оралиғида лицензияга эга бўлган нодавлат ОТМлар сони 13 тани ташкил этган бўлса, биргина 2021 йилда 21 та нодавлат олий таълим ташкилоти фаолияти лицензияланган.

Фуқаролар лицензияси бўлмаган ОТМларга алданиб қолмаслиги учун инспекция сайтида лицензияси мавжуд нодавлат ОТМлар рўйхати доимий янгилаб борилади. 

“Шуни ёдда тутиш муҳимки, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар нафақат Ўзбекистон Республикасида балки бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмайди”, дейилади инспекция хабарида. 

Мавзуга оид