Жаҳон | 15:37 / 22.12.2020
35627
9 дақиқада ўқилади

Навалний «ўз қотили» билан телефон суҳбатини эълон қилди. Асосий маълумотлар

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний Youtube-каналида ўзининг заҳарланиши билан боғлиқ шов-шувли маълумотни эълон қилди. У суиқасдда иштирок этгани айтилган ФХХ ходимларидан бири билан телефон орқали ўзини танитмасдан гаплашган. Бу Bellingcat, Der Spiegel ва CNN нашрларининг Навалнийнинг заҳарланиши бўйича ўтказган қўшма суриштирувида тилга олинган шахслардан бири. У ўз жавобларида Навалнийнинг кийимини тозалаш учун Омскка учганини тан олган.

YOUTUBE/NAVALNY

Видеоролик эълон қилинишидан бир неча соат ўтиб ФХХ бу телефон мулоқотини «саҳналаштирилган» деб атади, Навалнийнинг заҳарланиши бўйича Ғарб нашрлари томонидан ўтказилган суриштирув эса Россия ФХХни обрўсизлантиришга қаратилган «режалаштирилган провокация» сифатида баҳоланди.

Сиёсатчи «ўз қотилларидан бири» билан қандай боғланган?

14 декабр куни эълон қилинган суриштирувда Россия федерал хавфсизлик хизматининг Навалнийнинг заҳарланишида қатнашган ходимлари келтирилганди. Навалний қўшма суриштирув эълон қилинишидан бир неча соат олдин унда номи келтирилган одамларга телефон қилишни бошлаган.

Навалнийнинг айтишича, у эълон қилган телефон суҳбатидаги инсон ФХХ криминалистика институти ходими Константин Кудрявцев бўлган. Бу ходим иттифоқ даврида кимёвий қурол ишлаб чиқарилган Шихандаги ҳарбий қисмда хизмат қилгани айтилади. Навалний рақамни ўзгартирувчи дастур орқали ўз рақамини худди ФХХ ишчи рақамига ўхшатиб ўзгартирган ва Кудрявцевга қўнғироқ қилиб, ўзини Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ёрдамчиси деб таништирган ва Кудрявцев ўзига ишдан қўнғироқ бўлаётганига ишонган.

«Ҳисоб-китоб оддий. Эрталаб соат еттидаги қўнғироқ, таниш хизмат рақамини кўрасан, гўшакни кўтарасан ва гаплашишни бошлайсан. Мен қўнғироқ қилганларнинг деярли барчаси жавоб берди, деярли барчаси тезда гўшакни қўйди. Кейин эса бизни катта омад кутиб турганди», дея ҳикоя қилди Навалний.

  • ФХХ ходимларининг Навалнийга суиқасд уюштиргани ҳақидаги суриштирувда иштирок этган CNN телеканали аниқлик киритишича, Навалний аввалига телефон мулоқотларида ўзининг кимлигини яширмаган, фақат Кудрявцев билан суҳбатда ўзини Патрушевнинг ёрдамчиси сифатида таништирган.

40 дақиқадан ошиқроқ давом этган суҳбатда Кудрявцев экани айтилаётган шахс унга Хавфсизлик кенгаши ходими эмас, Алексей Навалний қўнғироқ қилаётганини сезмаган.

Суҳбатнинг тўлиқ расшифровкаси The Insider сайтида келтирилган.

Суҳбат нима ҳақда бўлган

The Insider нашри қайд этишича, қўнғироқ вақтида Навалний Кудрявцев уни кузатганлар орасида бўлганини, шунингдек, Берлиндаги клиникага олиб кетилганидан кейин бу шахс Омскка учганидан хабардор бўлган.

Аввалроқ Навалний ва суриштирувчи журналистлар Кудрявцев Омскка сиёсатчининг кийимидаги «Новичок»ни йўқотиш учун учганини тахмин қилишганди. Мулоқот давомида Кудрявцев амалда бу тахминни тасдиқлаган ва унга бир уюм кийим билан, жумладан, калта иштон (трусик) билан ишлаш топширилганини айтган. Химикдан ички кийимнинг ички томонларига алоҳида эътибор қаратиш сўралган.

Шундан сўнг, унинг сўзларига кўра, «барча кийимлар маҳаллий йигитларга қайтарилган». Навалнийнинг саволига жавобан, у ички кийимлар тоза ҳолда ўз эгасига қайтарилганини тасдиқлаган.

Навалний уни гўёки Томскда заҳарлаш операцияси нега муваффақиятсиз чиққани борасида сўроққа тутган. Кудрявцев ўзи билмаган ҳолда операция борасида барча ҳақиқатларни гапириб берган.

У операцияни яхши режалаштирилган деб ҳисоблашини маълум қилган, Навалний ўлмай қолганини эса вазиятнинг ўзгариши билан боғлаган.

«Агар самолёт кўпроқ вақт осмонда қолганида, тез қўндирилмаганида... Қўниш йўлагида кутиб турган шифокорларнинг тезкор ҳаракати бўлмаганида... эҳтимол, барчаси бундай бўлмасди», деган у.

Навалнийнинг суҳбатдоши операцияда қатнашган яна бир ФХХ ходими - Василий Калашниковнинг номини тилга олган, бу шахснинг фамилияси аввалги суриштирувда айтилмаганди. Калашников биологик намуналардаги нервни фалаж қиладиган агентларнинг метаболитларини аниқлаш соҳасида эксперт ҳисобланади. Навалний комага тушганидан кейин операцияга бошчилик қилган Станислав Макшаков Калашниковга қўнғироқ қилган. The Insider’нинг тахмин қилишича, у Навалнийнинг қонида заҳар аниқланмагани туфайли уни Омскдан Берлинга олиб кетиш мумкинлиги тўғрисида қарор қилган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Кудрявцев унга кийимларни тозалаш учун ФХХнинг терроризмга қарши кураш бўйича ҳудудий бошқармаси раҳбари бўлган «Михаил» берганини айтган ва унинг телефон рақамини Навалнийга берган.

Навалний ҳудудий бошқарма раҳбари бўлган Михаил Евдокимовга ҳам қўнғироқ қилган, гўшакни кўтарган шахс Омскда Навалнийнинг «танасини ювиш» амалиёти ўтказилганини, сиёсатчининг кийимларини Кудрявцевга берганини тасдиқлаган, аммо Навалний билан операцияни ҳимояланмаган телефон тармоғи орқали батафсил муҳокама қилишдан бош тортган.

Навалнийнинг айтишича, бу суҳбат шахсан Путин томонидан ўйлаб топилган режани тўлиқ очиб ташлаган: «Биз уларни деворга тирадик. Ҳеч кимни судга бермоқчи эмасман, шунчаки россияликларга мурожаат қилмоқчиман: сизни алдаётганларини кўринглар. Биламан, Россияда яхшилар ёмонлардан кўп, бўлмаса мен ҳам омон қолмасдим. Агар самолёт вақтида қўнмаганида, тез ёрдам ходимлари вақтида оғуга қарши укол қилишмаганида, мен ўлган бўлардим. Сиз яхшилар сабаб мен ёмонларнинг ҳужумидан омон қолдим. Ишончим комил, бир кун келиб яхшилик албатта ёмонлик устидан ғалаба қозонади», деган Навалний.

Унинг айтишича, телефонда гаплашган одам шубҳасиз Константин Кудрявцев ва буни ҳар қандай экспертиза аниқлаб бериши мумкин. Зобит операцияда қатнашган бошқа одамларнинг исмини ҳам аниқ санаб берган.

Навалний ўзининг заҳарланиши ҳақидаги суриштирувни АҚШ махсус хизматининг маълумоти асосида тайёрланганини айтган Владимир Путиннинг сўзларини инкор қилиб, мақоладаги маълумотларни ҳар қандай одам интернетда топиши мумкинлигини маълум қилган. «Бу шахсан Путинни сиёсий рақибидан халос қилиш операцияси эди», деб қўшимча қилган мухолифатчи.

«Махсус хизматларнинг ўсиб бораётган қулоқлари»

Bellingcat, Der Spiegel ва CNN нашрларининг қўшма суриштирувлари 14 декабр куни эълон қилинганди. Унда Навалнийнинг заҳарланишига уни қарийб тўрт йилдан буён кузатиб келган ФХХ ходимлари алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Журналистлар телефон қўнғироқлари ва парвозлар бўйича маълумотларни таҳлил қилишганди. Олинган маълумотлар асосида тергов муаллифлари сиёсатчига суиқасдни Томскда ФСБ криминалистика институти ниқоби остида ҳаракат қилган ФСБ махфий бўлимининг 8 нафар тезкор ходими томонидан амалга оширилган, деган хулосага келганди. Улар турли вақтларда Навалнийни кузатишган, жумладан, сиёсатчининг заҳарланишидан бир неча кун олдин кузатувлар тикланганди.

Текширувчилар номларни келтирган ҳамда Навалнийни аввалига Новосибирскда, кейин у заҳарлангани тахмин қилинган Томскда кузатган уч ходимнинг суратларини эълон қилишганди, уларнинг тасдиқлашича, яна беш нафар ходим ишнинг боришини назорат қилишган ва Омскка (сиёсатчи самолётда ўзини нохуш қилгач, учувчилар шу шаҳарга фавқулодда қўнишни амалга оширишганди) келишган.

17 декабр куни ҳар йилги пресс-конференция вақтида Россия президенти Владимир Путин Навалний ФХХ ходимлари томонидан заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги текширувни «Америка махсус хизматлари материаллари легаллаштирилиши» деб атади. Шу билан бирга, у амалда Навалний Россия махсус хизматлари томонидан кузатилган бўлиши мумкинлигини тан олиб қўйганди.

«Берлин клиникасидаги ўша беморга келсак, мен кўп марта айтганман, фақат баъзи нарсаларни такрорлашим мумкин. Хабарим бор, кеча Песков менга бу ҳақдаги сўнгги уйдирмалар ва бизнинг махсус хизматчиларимиз маълумоти ҳақида хабар берди. Қулоқ солинг, бу қандайдир суриштирув эмас, бу Америка махсус хизматларининг материалларини легаллаштириш. Бизнинг махсус хизматларимиз буни билади ва маъқул топса, телефондан фойдаланади. Берлин клиникасидаги бемор Америка махсус хизматлари кўмагидан фойдаланади. Шундай экан, Россия махсус хизматлари, албатта, уни кузатиши керак», деганди Путин.

Шу билан бирга, у бу дегани уни заҳарлаш керак дегани эмаслигини қўшимча қилганди. «У кимга керак ўзи? Агар биз (заҳарлашни) хоҳлаганимизда, иш охирига етказиларди. Рафиқаси [Навалнийнинг] менга мурожаат қилди, мен эса ўша заҳоти жамоага уни Германияга даволаниш учун юборишга кўрсатма бердим», деганди президент.

Кейинроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Навалний нега назорат остида бўлгани ҳақида гапирганди. У журналистнинг нима учун Навалний кузатилгани тўғрисидаги саволига шундай жавоб берганди: «Президент сабабини айтди, нега уни кузатиш кераклигини айтди - махсус хизматларнинг қулоқлари кўпаймоқда. Биз ҳам бир неча марта ҳукуматни ағдаришга қаратилган чақириқлар кўплаб саволларни туғдираётгани ҳақида айтганмиз».

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Навалний эълон қилган бу суҳбат сохта эканини маълум қилиб, рақамни алмаштириш орқали телефон қилиш Россияга қарши бир неча марта ишлатилган услуб эканини маълум қилган.

Мавзуга оид