Андижонда давлат объектларини қуриш қариндош-уруғлар ўртасида тақсимлаб олинган
Андижон вилояти ҳокимлиги қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ва «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали раҳбари Равшанбек Жабборқулов миллиардлаб давлат буюртмаларини ўзлари ва қариндошларига тегишли компаниялар ўртасида «тақсимлаган».
Андижон вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Қодиров Муҳиддин Абдураимович 100 фоиз ўзи эгалик қиладиган «Milano Biznes Servis» МЧЖга қарийб 20 млрд сўмлик қурилишга оид давлат буюртмаларини олган. Бу ҳақда Telegram'даги «davletovuz» канали ўз суриштирувини эълон қилди.
Маълум бўлишича, «Milano Biznes Servis» МЧЖ Жалақудуқ туманида «Ойим» кўп тармоқли поликлиникасини (6 млрд сўм), Избоскан туманидаги 42-мактабни (6,9 млрд сўм), Қурғонтепа туманидаги 5-умумий мактабни (6,7 млрд сўм) реконструкция қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. Объектлар бўйича тузилган турли комиссияларда буюртмачи сифатида «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ҳам ўтирган.
Таъкидланишича, Андижон вилоятида давлат амалдорларига бевосита ёки билвосита тегишли бўлган компаниялар вилоятдаги давлат буюртмаларини бажаришда фаол иштирок этиб келмоқда, манфаатлар тўқнашуви, таниш-билишчилик ва қариндошчилик алоқалари яққол кўриниб турибди.
Хусусан, «Andijon ihlos qurilish» МЧЖ Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан амалга ошириладиган қурилиш объектлари манзилли рўйхатидаги тахминан 10 млрд 800 млн сўмлик давлат буюртмаларини бажаришга масъул қилиб белгиланган. Айни пайтда Республика бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга ошириладиган манзилли қурилиш рўйхатидаги 3 млрд 200 млн сўмлик объектлар мазкур компанияга берилган. Бундан ташқари, мазкур компания Пахтаобод туманида 26,5 млрд сўмлик иккита 32 квартирали кўп қаватли уйни қуриш ва тегишли иншоотларни таъмирлаш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Тегишли шартнома 2020 йил 9 ноябрда имзоланган.
«Andijon ihlos qurilish» МЧЖ улуши тўлиғича Қодиров Бахтиёр Абдуманнобовичга тегишли. Бахтиёр Қодировнинг тўғридан тўғри қариндоши эса, шу объект бўйича бевосита давлат буюртмачиси бўлган Андижон вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбарининг ўринбосари — Қодиров Мансурбек Абдуманнобович ҳисобланади.
Шу йилнинг 30 март куни ҳукумат қарори билан Андижон вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Рустамбек Тожибоевич Хожибоев ҳали ҳам «Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish» МЧЖ улушларига тўлиқ эгалик қилади.
Мазкур компания амалдорнинг янги лавозимдаги даврида ҳам миллиардлик шартномаларни олишда давом этган. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасида республика бюджетидан бажариладиган 18 млрд 730 млн сўмлик қурилиш объектлари айнан Рустамбек Хожибоевнинг компаниясига насиб қилган. Масалан, шу йилнинг 2 октябрь куни имзоланган пудрат шартномасига биноан, «Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish» МЧЖ Шаҳрихон тумани 2-туғуруқ мажмуасини қарийб 5,6 млрд сўмга реконструкция қилиши зарур. Бу компания тумандаги 1-туғуруқ мажмуасини ҳам якуний қиймати қарийб 12,8 млрд сўмга реконструкция қилиб келади.
«Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали раҳбари Жабборқулов Равшанбек Ҳабибуллаевич ва унинг қариндоши Жабборқулов Хайрулло Ҳабибуллаевич эгалик қиладиган «Xonobod Savdo Ravnaqi» МЧЖ ҳам Андижон вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясидан Қўрғонтепа тумани Шаҳрихонсой МФЙдаги 2-сонли мактабгача таълим муассасасини реконструкция килиш учун 4,7 млрд сўмлик буюртмани ҳамда ўзи раҳбарлик қиладиган «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Андижон вилоят филиалидан 3,2 млрд сўмлик буюртма олган ва бажарган.
Kun.uz мухбири ушбу маълумотларга ойдинлик киритиш мақсадида Андижон вилоят ҳокимининг қурилишга масъул ўринбосари Иброҳим Холматов билан боғланди.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, айни пайтда мазкур ҳолат бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари бошланган, мутасаддилар вилоят ҳокимлигига чақиртирилган.
Kun.uz мухбири боғланган Андижон вилоят прокуратурасининг матбуот учун масъул ходими бу ҳолатлар юзасидан ўрганиш олиб борилмаётганини билдирди.
- «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс бажариладиган вазифалардан четлаштирилиши лозим.
- «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига асосан, давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Gazeta.uz'га маълум қилишича, агентлик Андижон вилоятидаги манфаатлар тўқнашуви юзасидан ўрганиш ишларини бошлаган.
Мавзуга оид
16:12 / 05.11.2024
Янгийўлда “дом” қурилиши ишлар сифатсиз бажарилгани учун тўхтатилди
15:44 / 01.11.2024
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
15:03 / 27.10.2024
Тошкентда қурилиш ташкилоти электр тармоғини узиб юборди
14:36 / 24.10.2024