Ўзбекистон | 00:53 / 25.12.2020
9792
2 дақиқада ўқилади

Пандемия шароитида Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичи тахминан 1,5 баробарга ортгани маълум қилинди

Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи расман камбағал ҳисобланади? Камбағалликни белгилаш мезонлари нималардан иборат?

Kun.uz мухбири ушбу савол билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти директори Илҳом Маматқуловга мурожаат қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил бошида мамлакатда камбағаллик даражаси 12–15 фоиз атрофида эканини айтганди.

«Гап 4–5 миллион аҳоли вакиллари ҳақида кетяпти. Бу – жуда катта рақам», – деганди давлат раҳбари Олий Мажлисга мурожаатида.

Илҳом Маматқуловнинг сўзларига кўра, ушбу рақам пандемия туфайли 2020 йилда бир ярим бараварга ошган.

«Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, базавий истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, аҳолининг камбағаллик даражаси йил бошида айтилган кўрсаткичга нисбатан сезиларли даражада ошган», – деди департамент директори.

Илҳом Маматқулов

Илҳом Маматқулов шундан бошқа аниқ рақамларни келтирмаган ҳолда, камбағал аҳоли сонини аниқлаш ва мезонларни ишлаб чиқиш устида иш олиб борилаётгани, бу борадаги ишлар якуний босқичда эканини айтди.

Унинг таъкидлашича, камбағалликни ўлчаш бўйича методикалар турлича. Вазирлик қай бирини танлагани ва умуман шу мавзуга доир бошқа масалалар тегишли ҳужжат қабул қилинишидан олдин кенг муҳокамага чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимуми белгиланиши 2017 йилда айтилган эди, шундан сўнг бир неча бор ушбу масалага белгиланган муҳлатларда аниқлик киритилмай келмоқда.

Мавзуга оид