Ўзбекистон | 10:02 / 05.01.2021
10015
2 дақиқада ўқилади

Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари ёнбағирларида янги археологик ёдгорликлар аниқланди 

2020 йилнинг октябр ойида Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари Ангрен шаҳар музейи ходимлари билан бирга Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари ёнбағирларида илмий изланишлар олиб борди.

Тадқиқотлар натижасида бир қатор янги археологик ёдгорликлар аниқланди. Жумладан, Ангрен воҳаси Янгиободсой ва Қорабоғсой ирмоқлари юқори оқими ҳудудларида 2та тош даври устахонаси, 2та манзилгоҳ, қабр-қўрғонлар комплекси ва қоятош суратлари аниқланган.

Тош даври устахоналаридан чиққан топилмалар ушбу ёдгорликларнинг даврий чегараси ўрта палеолитдан бошланиб, сўнгги палеолитнинг охиригача давом этганини кўрсатди.

Аниқланган манзилгоҳлардан бири устахона яқинида бўлиб, сўнгги палеолит даврига тегишли. Иккинчи манзилгоҳ тош даврининг сўнгги палеолит даври охирида бўлган кўринади. Топилган ёдгорликларнинг даврий санаси ер юзасидаги топилмалар асосида чиқарилган бўлиб, кейинги изланишлар масалага аниқлик киритиши мумкин.

Топилмалар ичида Ўзбекистон палеолитида олдин учрамаган ноёблари ҳам бор. Хусусан, тошдан ясалган тумор биргина Ўзбекистон учун эмас, балки жаҳон палеолитшунослигида ҳам ноёб ҳисобланади.

Аниқланган қоятош суратлари ва қабр-қўрғонлар ушбу ҳудудлар турли тарихий даврларда инсонлар томонидан фаол ўзлаштирилганини кўрсатади.

Мавзуга оид