Ҳонгконгда давлат тўнтарувини амалга оширишга уриниш учун 53 мухолифатчи ушланди
Ҳонгконгда мингга яқин полициячи ҳокимиятга тажовуз қилиш ва миллий хавфсизлик ҳақидаги қонунни бузганликда гумон қилинган мухолифатчиларни ушлаш бўйича амалиётда иштирок этди. Амалиёт вақтида 23 ёшдан 64 ёшгача бўлган 53 киши, жумладан 45 эркак ва 8 аёл ушланган.
Мухолифатчиларнинг ҳибсга олиниши 2020 йил июлда мухолифатнинг сентябрда ўтиши керак бўлган қонунчилик кенгашига сайловлар учун номзодларни танлаб олиш бўйича ўтказган праймеризи билан боғлиқ ҳолда ўтказилган. Бироқ ушбу сайловларни пандемия сабабли бир йилга қолдиришга қарор қилинганди. Пекинда мухолифатнинг ушбу тадбири “ноқонуний манипуляциялар” деб аталган.
Ҳонгконгнинг хавфсизлик масалалари бўйича котиби Жон Лининг таъкидлашича, ҳибсга олинганлар тил бириктириш ва ноқонуний праймериз ўтказиш ёрдамида қонунчилик кенгаши таркибига ўз номзодларини илгари суришга ҳаракат қилишган. Улар шу йўл билан кенгашдаги ўринларнинг ярмидан кўпини эгаллаб, бюджет қабул қилинишида тақиқлов қўллаб, ижрочилик ҳокимияти раҳбари истеъфога кетишга мажбур бўладиган, ҳукумат эса фаолият юрита олмайдиган вазиятни юзага келтиришга уринишган.
Лининг таъкидлашича, мухолифатчиларнинг 10та қадамдан иборат бўлган ушбу “қўпорувчи режаси” кўчаларда оммавий тартибсизликлар уюштириш ва жамиятни фалажлашга олиб келувчи бошқа ҳаракатларни ҳам кўзда тутган.
Қўлга олинганлар орасида қонунчилик кенгашининг собиқ депутатлари, норозилик намойишлари фаоллари ҳамда америкалик ҳуқуқшунос бор.
Ўтказилган амалиёт 2020 йил июнда Хитой парламенти томонидан Ҳонгконгда миллий хавфсизликни таъминлаш бўйича қонун қабул қилингандан кейин энг йириги бўлди. Пекинда таъкидланишича, ушбу қонун айирмачилик, террорчилик, ҳокимиятни қўпориш, хорижий кучлар билан тил бириктириш каби жиноятлар олдини олишга қаратилган.
Ушбу қонун қабул қилингандан кейин Ҳонгконгда кўплаб радикал мухолиф фаоллар ҳукуматга қарши фаолиятини тўхтатган, баъзилари эса хорижга қочган.
Аввалроқ Ҳонгконгда ушбу қонунни бузганликда гумон қилиниб 40 киши қўлга олинганди. Улар орасида мухолифатчи медиамагнат Жимми Лай ҳам бор. Ҳозирча улардан бирортасига ҳукм чиқарилмаган.
Мавзуга оид
23:12 / 28.10.2024
Гуржистон пойтахтида парламент сайловлари натижасига қарши норозилик намойишлари бошланди
11:10 / 09.10.2024
Беларусда мухолифатчиларга қарши янги йирик иш очилди
23:21 / 09.09.2024
Танзанияда ўғирлаб кетилган мухолифат вакили ўлик ҳолда топилди. Унинг юзига кислота сепилган
00:28 / 06.09.2024