«Ҳукумат янги марраларни кўзлаши керак» — Навбаҳор Имомова Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ҳақида
Ўзбекистон 2016 йилдан кейинги давр ичида сўз ва матбуот эркинлиги борасида сезиларли ижобий натижаларга эришди. Шунга қарамай, бу соҳада ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп ва эришилган натижалар билан кифояланиб қолиш янги марраларни забт этишга имкон бермайди.
Kun.uz мухбири бир неча йилдан буён АҚШнинг «Америка овози» медиа компаниясида фаолият юритиб келаётган ўзбек журналисти Навбаҳор Имомова билан сўз эркинлиги мавзусида суҳбатлашди.
Пандемия даврида журналистика ва сўз эркинлиги
— Дунё журналистикаси, шу жумладан Ўзбекистон пандемия даврида ўзига хос синовга дуч келди. Улар чекланган муҳитда қандай ишлай олишлари борасида синовдан ўтди. Ҳукуматлар пандемия муносабати билан сиёсий чекловлар ҳам жорий этди.
Айтишим мумкинки, бу даврда Марказий Осиёда ОАВни энг кўп назорат қилган давлат Қирғизистон бўлди. У ерда журналистлар кўплаб тадбирларни виртуал тарзда кузатишга мажбур бўлишди. Аммо Ўзбекистонда бунинг аксини кўрдик. Муайян ОАВ тадбирларни ёритди. Бунга имкон берилди.
Барча давлатлар, сўз ва матбуот эркинлиги, нима деган нарсани қайта кўриб чиқишига тўғри келди. Чунки журналистлар кўпроқ одамлар ичида юриши керак. Маълум бир жараён ичида бўлиши лозим. Пандемия даврида журналист ҳам уйидан эфирга чиқишига тўғри келди.
Бундай паллада нариги томон, яъни ҳукуматнинг ахборот олиш имкониятингизни тўсиш бобида қудрати ошди. Балки кўплаб расмийлар орзу қилган имкон пайдо бўлди. Кимга нима маълумотни қанча миқдорда беришни бемалол белгилай олди. Журналистлар эса, борига шукр қилиши керак бўлди.
Бундан ташқари, пандемия даврида ҳукумат қандай ишни амалга оширмасин, уларнинг фойдасига бўлди. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар очилди. Ваҳоланки, олдинроқ, бошқа муаммоли мавзуларда ҳам шу ишларни қилса бўларди.
Бошқа томондан, журналистлар ҳам ҳукуматга янада кўпроқ танқидий кўз билан қарай бошлади. АҚШдан тортиб, Ўзбекистонгача журналистлар ҳукумат пандемия даврида ишни эплай олмаяпти, деган позицияда ёндашди. Жумладан, Америкада май ойи ўрталаригача коронавирус таҳдидига ҳукумат эътибор бермади. Бироқ кейин шошилинч тарзда кескин чоралар кўра бошлади.
«Ҳамон уйдан ишлаяпмиз...»
— Тўғрисини айтганда, пандемияга, карантин шароитида ишлашга ҳеч ким тайёр эмасди, ҳатто журналистлар ҳам. Биз бир неча кун уйдан ишлаб, кейин яна ҳаёт ўз изига тушиб кетишига ишонгандик. Аммо биз ҳамон уйдан ишламоқдамиз. Яъни матбуот эркинлиги даражаси ҳам шунга яраша бўлди.
Қолаверса, пандемия шароитида журналистлар шунчалик ишлай олар экан, шунисига ҳам шукр, деган ёндашув ҳам бор эди.
Албатта, пандемия боис дунёдаги руҳий босим журналистларга ҳам таъсир қилди. Бизнинг ҳам асосий вазифамиз, соғлом туриш бўлди. Биз ҳам барча қатори ҳаётимиз учун курашдик. Яъни коронавирус ОАВга ҳар томонлама таъсир қилди, деган бўлардим. Мен ҳали реклама бозоридаги қийинчиликлар, қанча-қанча журналистлар ишларини йўқотганлари ҳақида гапираётганим йўқ. Лекин Ўзбекистонда мен мулоқот қилиб турган ҳамкасбларимдан билишимча, бу ерда журналистлар ишдан бўшатилмаган. Ҳатто айримлари иш ўрнини йўқотмаслик учун бепул ишлаган ҳолатлар кузатилди. Бу эса мардлик ва жасорат талаб қиладиган нарса.
Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги
— Шавкат Мирзиёев президентликка сайланганига 4 йил бўлди. Сайловлардан сўнг ислоҳотлар эълон қилинди, Ўзбекистон дунёга ва ички сиёсатда очиқ бўлиши айтилди ҳамда ҳукумат буни исботлашга урина бошлади. Яъни нисбий ўзгаришлар амалга оширила бошлангани дунё ҳамжамияти томонидан олқишланди.
Таъкидлаш керак, ҳар қандай ижобий ўзгаришлар тўхтаб қолмаслиги, аксинча давом этиши керак. Ўзбекистонда эса, илгаридан бир нарса кузатилади, бу ерда ислоҳотлар жараёнида бошланғич нуқта бор ва марра бор. Негадир ҳамма марра ҳақида ўйлайди, бир амаллаб унга етиб олиш ва тантана қилиш, ютуқ сифатида баҳолаш. Лекин жараёнга эътибор жуда ҳам паст. Матбуот эркинлиги борасида берилган ваъдаларда ҳам биз чўққига етиш ҳақида ўйладик, бироқ унга қандай қилиб эришиш ҳақида ўйламадик.
Бошқа томондан, матбуот эркинлиги борасида сўнгги 4 йилда эришилган натижаларга биз ўзимиз лойиқмиз, бундан ортиғига эмас, деган хулосалар ҳам бор. Чунки барчаси нисбий бўлди. Бу даврда энг қувонарлиси, ўзбек тилида сифатли ахборот берувчи ОАВ сонининг кўпайгани бўлди. Чунки 2017 йилгача Ўзбекистон ҳақида бирор сифатли ахборот олиш учун рус ёки инглиз тилидаги манбага мурожаат қилишга тўғри келар эди ва бу аслида уят эди.
Ҳозирда Ўзбекистондаги медиамакон ўзбек тилидаги сифатли контент билан бойиди ва кенгайди.
«Эришилган натижаларни сақлаб қолиш ва кучайтириш – галдаги вазифа»
— Эндиликда албатта бу ОАВнинг ҳозирги даражасини сақлаб қолиш, улар эришган ютуқларни мустаҳкамлаш ва ушбу натижа устига қуриш. Ўтган 4 йил пойдевор вазифасини ўтади. Ўзбекистондаги ахборот кун тартибини озми-кўпми бевосита ОАВ белгилай бошлади.
АОКА ва айрим ОАВ ўртасидаги дебат, бу профессионал тортишувни кузатар эканман, назаримда, сиз журналистлар: «Журналистика нима эканини ўргатадиган агентлик эмас, буни биз белгилаймиз; бизнинг ҳам ўз меъёрларимиз бор, профессионал масъулиятимизни ўрганмоқдамиз; биздан ҳар томонлама мукаммал маҳсулот кутиш нотўғри, чунки қозонда бори чўмичга чиқади, бирданига бошимизга урманг, аксинча, ўз ишингиз билан шуғулланинг, лицензия берасизми, беринг, мувофиқлаштирасизми, мувофиқлаштириш билан шуғулланинг», демоқчисизлар.
ОАВ фаолиятини назорат қилувчи орган ҳақида
— Акмал Саидовнинг сўзларига ўша пайтда ҳам фикримни билдиргандим. Унинг баёнотидаги «keyword», яъни урғу бериладиган сўз бу – назорат. Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, назорат қачонки тартибга солиш маъносида айтиладиган бўлсагина ўринли бўлади. Яъни ОАВ фаолиятини қандай йўлга қўяди, қанча солиқ тўлайди, ходимлар қонунларни ҳурмат қилиши, қонун доирасида ишлаши керак – буларнинг барчаси лицензия билан боғлиқ нарсалар. Бундай органлар барча давлатда бор.
Аммо, назорат деганда цензура, чеклов, Ўзбекистоннинг азалий одатидек, биз айтамиз журналистика нима эканини, биз белгилаймиз эркинлик меъёрларини ва қоидаларини, доимий равишда сизга қизил чизиқларни эслатиб турамиз, маъносида айтилаётган бўлса, бу асоссиз.
Чунки кўплаб давлатларда қонунан бунга йўл қўйилмайди.
Мисол учун, бу борада АҚШда олтин қонунлар бор. «Америка овози» Конгрессдан тўғридан тўғри маблағ олса-да, бизни бошқарувчи агентлик ҳукуматдан маблағ олса-да, бизнинг фаолиятимизга аралаша олмайди. Бу нарсалар қонун билан белгилаб қўйилган.
«Эътирофлардан қулоқ оғримоқда»
— Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳозирги ҳолат, очиғини айтганда мен каби журналистларга умид беради. Биринчидан, журналистларнинг ўзи учун кураша бошлагани таҳсинга сазовор. Уларнинг орасида бирдамлик бўлиши сув-ҳаводек зарур. Қолаверса, ОАВ бир-бирига рақиб бўлса-да, бир-бирини (зарур пайтларда) руҳан қўллаб-қувватлаяпти. Ким нимани ҳис қилаётганини билаяпсиз, ўқувчиларингизга вазиятдан норози эканингизни ҳам эслатиб турибсиз.
Албатта, ҳукумат аъзолари айнан шуни «Мана шу – тараққиёт, яна нима хоҳлайсиз?» дейиши мумкин. Олдин бунақа эмасди. Лекин баъзан шундай эътирофлардан ҳам қулоқ оғрий бошлади. Аммо бугунги кунда эскирди бу эътироф, чунки бундай олқиш 2–3 йил аввал аҳамиятлироқ эди.
Ахир Ўзбекистон бир жойда тўхтаб қолишни истамайди-ку, тўғрими, шундай экан, ҳукумат янги марраларни кўзлаб ҳаракат қилиши керак.
Толиб Раҳматов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
16:46 / 26.08.2024
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
07:45 / 07.08.2024
Bloomberg Гершкович ҳақидаги материалдан кейин мухбирни ишдан бўшатди
19:55 / 06.08.2024