Иқтисодиёт | 23:03 / 20.01.2021
40516
2 дақиқада ўқилади

Қайси соҳа вакилларига давлат бюджетидан энг кўп иш ҳақи ажратилмоқда?

2020 йил декабр ойи иккинчи ярми учун жами 2 триллион 256,7 миллиард сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тўлаб берилган. Энг кўп иш ҳақи тўловлари халқ таълими тизими ва соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи ходимларга ажратилган.

Молия вазирлиги бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларга иш ҳақи тўловлари ҳақида маълумот берди.

Вазирлик ахборотига кўра, 2020 йил декабр ойи иккинчи ярми учун энг кўп иш ҳақи тўловлари халқ таълими тизими ходимлари (869,1 миллиард сўм) ва соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи ходимларга (668,1 миллиард сўм) тўланган. Кейинги ўринларда мактабгача таълим (166,7 миллиард сўм) ва маданият вазирлиги (53,5миллиард сўм) тизими ходимлари учун иш ҳақи ажратилган.

Ўз ўрнида берилган рўйхат бўйича нисбатан кам иш ҳақи Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси (21,5 миллион сўм ), Гидрометеорология  маркази (33,7 миллион сўм ), Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (121,3 миллион сўм ) ходимларига тўланган.

Вазирлик томонидан берилган рўйхатда кўрсатилмаган (нисбатан кам ҳақ тўланадиган ва кам штат бирлигига эга бошқалар) ташкилотлар ходимларига 226,4 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Рўйхатда мудофаа ва ички ишлар вазирликлари, давлат божхона қўмитаси, давлат хавфсизлик хизмати, суд тизими ва прокуратура ходимларига тўланадиган маблағлар ҳақида маълумот берилмаган.

Таъкидланишича, иш ҳақларини ўтказиш молия вазирлиги билан бюджет ташкилотлари ўртасида «онлайн» равишда маълумотлар алмашинуви натижасида амалга оширилган.

Аввалроқ, давлат бюджети маблағларининг сарфланиши юзасидан назоратни кучайтиришга оид маълумотларни давлат ташкилотлари ўз веб-сайтларида эълон қилиши таклиф этилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 февралдан бошлаб, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид