Ўзбекистон | 17:26 / 22.01.2021
20909
3 дақиқада ўқилади

«Квотабоз» – Давлат қабул комиссиясини тугатиш таклиф қилинди

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг экспертлар иштирокидаги йиғилишида шу ҳақда сўз борган.

Сенатор Одилжон Иминов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясини танқид қилиб, унинг фаолиятини тугатиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Одилжон Иминов
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

«Қандай қилиб шунча йилдан бери магистратура қабуллари улар (Давлат қабул комиссияси) орқали белгиланяпти? Бу комиссия илм билан шуғулланаман дейдиганлар учун магистратурага йўл очиб бериш ўрнига квотабозлик билан шуғулланяпти.

У ерда коррупциядан тортиб ҳамма масала бор. Афсуски, ҳозиргача бу масалаларнинг ечимига етиб бўлмаяпти», – деган Одилжон Иминов 22 январ куни ўтказилган йиғилишда.

Сенаторнинг айтишича, у бир неча кун аввал Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов билан ҳам шу ҳақда суҳбатлашган.

«Оддий мисол: бу комиссия тиббиёт институти магистратура бўлимининг аллергология йўналишига 2та ўрин ажратган. Бу йўналишга ўтган йили 3 нафар номзод ўқиш учун ҳужжат топширган. Аммо бу учала номзоднинг йиғган балли ўқишга кириш учун етмай қолган.

Менга бу бўйича хатлар келяпти. Демак бу бизда аллергология бўйича мутахассислар чиқмаяпти деганими? Бу биздан PHD докторлари ҳам чиқмайди деганими? Нима булар саботаж қиляптими?

Биз шу ҳолатни маълум қилиб Давлат қабул комиссиясига 2 ой аввал хат ёздик. Лекин улардан ҳалигача жавоб йўқ. Йўқ. Шунчаки жавоб йўқ. Сенатнинг хатига жавоб йўқ.

Буни тугатиш керак. Қабулни тўлиқ университетларнинг ўзига бериш керак. Кейин университетлар ректорлари таълим жараёни ва сифатига ўз боши билан жавоб берсин. Деканлар эса таълим тарбия учун жавоб берсин.

Нега бу ишларни Вазирлар  Маҳкамасида ўтирган чиновник ҳал қилиши керак? Ўқув дастурларини ҳам ҳамма университет ўзи қилсин.

Давлат қабул комиссияси деганининг ўзи таги йўқ орган-ку. Нима кераги бор бунинг?», – дея йиғилганларга савол билан мурожаат қилган Одилжон Иминов.

Мавзуга оид