Ўзбекистон | 21:58 / 25.01.2021
11657
2 дақиқада ўқилади

Президент инвестицион лойиҳалар тақдимоти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 25 январь куни саноат ва логистика соҳаларига оид инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Расмий релизга кўра, лойиҳалардан бири – Тошкент шаҳрида оқартирилган тунука ишлаб чиқаришга оид. Бунинг учун 280 миллион евро йўналтирилади. Унинг йиллик қуввати 120 минг тонна бўлиши, 750 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Жиззах вилоятида юқори маркали цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди. 2 триллион сўмдан ортиқ қийматдаги бу лойиҳа натижасида йилига 1,3 миллион тонна цемент тайёрлаш, шундан 200 минг тоннасини экспорт қилиш қуввати пайдо бўлади.

735 миллиард сўмлик яна бир лойиҳа музлаткич, совуткич ва кондиционерлар учун герметик компрессор ишлаб чиқаришга қаратилган. Унинг йиллик қуввати 3 миллион дона бўлиб, шундан 500 минг донаси экспортга йўналтирилиши, 300 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Шунингдек, электрон сув ҳисоблагичлар, темир-бетон ва керамика маҳсулотларига оид лойиҳалар кўрсатилди.

Тошкент шаҳри ва вилоятларда логистика марказлари ташкил этиш лойиҳаларига алоҳида аҳамият қаратилди. Бу марказлар озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат омборларини ўз ичига олади, карго, курьерлик ва электрон тижорат хизматлари кўрсатадиган бўлади. 5 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Давлат раҳбари лойиҳаларни сифатли амалга ошириш учун уларни экспертизадан ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бу тизимни тармоқлар ва ҳудудлар кесимида ҳам татбиқ этиб, инвестиция лойиҳаларининг тайёрланиши ва бажарилишини баҳолаб бориш, қуйи бўғиндаги мутахассисларга кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид