Ўзбекистон | 20:34 / 10.02.2021
21191
4 дақиқада ўқилади

Экология қўмитасининг босимга учраган матбуот котиби ишдан кетишга мажбур бўлди

Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев лавозимини тарк этди. У бир ҳафта олдин Очилбой Раматовга дахлдор «ғалати топшириқ»ни бажаришга кўнмагани ортидан босимга учраётганини айтганди. Ҳолатга қўмита расмийлари, меҳнат инспекцияси ва ҳуқуқ органларидан бирор-бир муносабат бўлмади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев ишдан бўшатилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook'даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Бугун Давлат экология қўмитасидан ишдан кетдим. Қўллаб-қувватлаганларга катта раҳмат! Батафсил кейинроқ...» – дея ёзган у.

Бунёд Абдуллаев шу ой бошида Kun.uz мухбири билан суҳбатда ишдан бўшашга мажбурланаётгани ҳақида айтган, бунга юқоридан келган оғзаки топшириқни бажармаганини сабаб сифатида келтирганди.

Абдуллаев маълум қилгандики, унга ўзини бош вазирнинг 1-ўринбосари Очилбой Раматовнинг маслаҳатчиси деб таништирган шахс телефон қилиб, «Раматовнинг имижини яхшилаш бўйича штаб» тузилганини айтган ва шу штабга ҳар жума куни айтилган мавзу бўйича маълумот бериб туришни сўраган.

Турли идоралардан йиғилган маълумотлар штаб номидан ОАВда кенг тарқатилиши айтилган. Бунёд Абдуллаев сайловлар яқинлигини ҳисобга олиб, бу кампанияда қатнашишни рад этган ва ёзма топшириқ бўлсагина бажариши мумкинлигини айтган.

«Ҳозирда қўмита раҳбарияти билан муносабатларимиз анча таранглашган, қўмита раиси ва кадрлар бўлими бошлиғи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни талаб қиляпти.

Мен эса сабабсиз ариза ёзмаслигимни айтяпман. Ўйлайманки, шунчаки сабабсиз ишдан бўшаб кетмайман. Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ишлашига ишонаман», – деганди матбуот котиби Kun.uz билан суҳбатда.

Бунёд Абдуллаев ишдан кетганини Facebook'ида маълум қилгач, Kun.uz мухбири у билан телефон орқали суҳбатлашди.

«Ҳа, ишдан кетдим. Ҳозир Самарқандда, уйдаман. Аввалроқ мени ишдан кетказиш учун турли босимлар бўлаётгани ҳақида ОАВдаги чиқишимга АОКА ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлардан бирор реакция бўлмади.

Гап-сўзлардан кейин ҳам душанба куни ишга бордим. Чунки мен расман ишлаётган ходим эдим. Аммо ўша куни оладиган ойлигимда кескин қисқариш бўлганини сездим. Ходимлар олиб келадиган қўшимча устамалар бу гал менга берилмаганди.

Шунингдек, мени иш жойимдаги ходимлар, муҳит қабул қилмаётгани яққол сезилди. Мен билан касбдош ва дўстона алоқада бўлганлар ҳам саломлашмай, гаплашмай қўйишди. Уларни ҳам тушунаман, ишдан кетишдан қўрқишади. Рости, жуда хафаман», – деди Бунёд Абдуллаев.

Kun.uz Бунёд Абдуллаевнинг ишдан бўшашга мажбур бўлиши билан боғлиқ вазият юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан боғланди. Агентлик матбуот хизмати қуйидаги муносабатни тақдим этди.

«Биринчи навбатда, Бунёд Абдуллаев аттестациялардан яхши ўтган. Унинг фаолияти АОКАни қониқтиради. АОКА Абдуллаевни яхши матбуот котиби деб ҳисоблайди. У тажрибали мутахассис ва АОКА талабларини доимий тарзда яхши бажариб келган.

Иккинчидан, АОКА юзага келган вазиятни меҳнат қонунчилиги бўйича кўриб чиқишни сўраб, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига хат юборган.

Учинчидан, АОКА ҳеч бир ташкилотнинг кадрлар сиёсатига аралашолмайди. Бизнинг функциямиз матбуот котиблари фаолиятини мувофиқлаштириш. Лекин қандайдир келишмовчиликлар юзага келса, бу фақат меҳнат қонунчилиги бўйича ҳал қилинади. Бизда қарор бўйича бошқа ваколатимиз йўқ», – дейилади АОКА муносабатида.

Мавзуга оид