Жамият | 18:04 / 12.02.2021
6211
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz жамоаси «Орамиздаги қаҳрамонлар» акцияси ғолиблари қаторида тақдирланди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган Фаол фуқаролар фестивали якунида Kun.uz интернет нашри жамоаси тақдирланди. 

12 февраль куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон бўйлаб 5 кун давом этган Фаол фуқаролар умуммиллий фестивалининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан ўтказилган мазкур фестивалда пандемия даврида ўзининг ташаббускорлиги, фидойилиги билан юртдошларга кўмак берган фаол фуқаролар ҳамда ташкилотлар тақдирланди. Ташкилот томонидан ўтказилган «Орамиздаги қаҳрамонлар» акциясида Kun.uz ва Daryo.uz нашрлари энг фаол онлайн нашрлар деб топилди.

Шунингдек, Kun.uz’нинг Қорақалпоғистондаги мухбири Шуҳрат Саидаҳмадов ҳамда Xushnudbek.uz канали муаллифи Хушнудбек Худайбердиев ҳам фаол фуқаролик позицияси учун тақдирланишди.

Маълумот учун: Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Қозоғистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (ARGO) томонидан АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида амалга ошириладиган Ўзбекистонда «Инновация учун ҳамкорлик» дастури доирасида ўтказилди.

8–12 феврал кунлари мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жами 2 мингдан зиёд иштирокчилар қамраб олинди. Республиканинг 8та йирик шаҳрида 20дан ортиқ тадбирлар — экология, инклюзив бошқарув, жамоатчилик назорати, давлат ижтимоий буюртмаси, волонтёрлик фаолияти, жамоатчилик кенгашлари, ижтимоий ҳимоя ва инклюзив таълим соҳаларига доир 3та конференция, 3та давра суҳбати, 4та жамоатчилик мулоқоти, 4та тренинг, 6та тақдимот ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, «Президент Мурожаатномаси – фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг янги босқичи» халқаро конференцияси, «ННТ мактаби» ҳамда «Антикоррупция лаборатория» лойиҳалари тақдимотлари бўлиб ўтди. Фарғона давлат университетида «Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази» ташкил этилди, унда соҳа экспертлари иштирокида талабалар учун илк мулоқот дарси ўтказилди.

Шунингдек, халқ билан мулоқотнинг янги институционал босқичи жамоатчилик кенгашлари II – Миллий форуми ўтказилди.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бухоро вилоят ҳокимлиги, Қўқон шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгашлари фаолияти тақдимоти ўтказилди.

Фестивал якунида «Орамиздаги қаҳрамонлар» акциясининг 14 нафар ғолиблари, 30 нафар волонтёр-психологлар ва 7та фаол нодавлат нотижорат ташкилотларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мавзуга оид