Ўзбекистон | 21:20 / 15.02.2021
13880
3 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятининг инвестиция лойиҳалари кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 феврал куни Жиззах вилоятининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбарига мазкур вилоятда жорий йилда амалга ошириладиган 515та лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 35 триллион 500 миллиард сўм. Уларнинг натижасида йилига 25 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш қувватига эга янги корхоналар, қарийб 23 минг иш ўрни ташкил этилади. 264 миллион долларлик импорт ўрнини босиш ҳамда 311 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.

Жиззах вилоятида қурилиш материаллари, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги тармоқлари катта салоҳиятга эга. Лойиҳаларни шакллантиришда ушбу соҳалар «драйвер» сифатида белгилаб олинган.

Масалан, қурилиш материаллари саноатида 8та лойиҳа режалаштирилган. Улардан бири – базальт толаси ва ундан турли материаллар ишлаб чиқаришга қаратилган. 723 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа учун бугунги кунда ер ажратилган. Корхона шу йил учинчи чоракда ишга туширилиб, 205та иш ўрни очилиши мўлжалланган.

Шунингдек, юқори маркали цемент, бетон плиталар, арматуралар, геосеткалар ишлаб чиқариш бўйича ҳам истиқболли лойиҳалар бор.

Автомобил саноатида ҳам лойиҳалар кўзда тутилган. Масалан, микроавтобус, тижорат ва юк автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ички бозор учун ғоят зарур. Бу корхона жорий йил якунида фойдаланишга топширилиб, 500 киши иш билан таъминланиши режалаштирилган.

Жиззах шаҳрида ташкил этиладиган тўқувчилик мажмуаси маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, хотин-қизлар бандлигини оширишда муҳим ўрин тутади. 39 миллион долларлик мазкур корхона қурилиши бу йил ёзда бошланиб, келгуси йил ишга туширилади.

Тоғли ҳудудларда доривор ўсимликлар етиштириш, уларни қайта ишлаб, экспорт қилиш давлатимиз раҳбари кўрсатиб берган улкан имкониятлардан бири. Бугунги кунда мамлакатимизда шу соҳага ихтисослашган 7та кластер фаолият юритмоқда. Хусусан, “BMB Trade Group” кластери томонидан Бахмал туманида заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. 30 миллион доллардан зиёд қийматдаги ушбу лойиҳа натижасида 200 киши ишли бўлади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида чорвачилик, паррандачилик, гўшт ва сутни қайта ишлаш, ипак мато ишлаб чиқариш каби бир нечта лойиҳалар мўлжалланган.

Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги, молиялаштириш манбалари ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятининг салоҳияти бундан анча катта эканини, кўплаб йирик лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади. Тўқимачиликда маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги ўзлаштирилаётган ерларда талаб юқори мева-сабзавотлар етиштириб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ерости маъданларини ўзлаштиришга хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.

Мавзуга оид