Ўзбекистон | 11:40 / 15.02.2021
7007
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда болалар гематологик ва онкологик касалликларига қарши курашишда нималар қилинмоқда?

15 феврал – Халқаро онкологик касалланган болалар куни. Бу санани белгилаш жаҳон миқёсида касалликка қарши курашни кучайтириш мақсадида 2001 йилнинг сентябрида саратон касаллиги билан оғриган болаларнинг ота-оналари томонидан киритилган.

Бутун дунёда 20 йилдирки бу кун доирасида бемор болалар учун давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўплаб амалиётлар, хайриялар жорий этилади. Kun.uz мухбири Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг фикрларини сўради.

Дунёда йилига 100 минг бола бу касалликдан вафот этади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, болалар саратони дунёда жароҳатлардан сўнг иккинчи ўринда туради. Йилига 300 минг болага шу касаллик ташхиси қўйилса, 100 минг бола ҳаётдан кўз юмади. Кўп мамлакатларда болаларда ҳам, катталарда ҳам гематология ва онкология касалликларини даволаш битта муассасада амалга ошириларди. Лекин тажрибалар болалар ва катталарни даволашда ёндашув айрича бўлиши кераклигини кўрсатди. Бугунги кунда дори-дармон таъминоти, диагностика имкониятлари натижасида ривожланган давлатларда бу касалга чалинган болаларни сақлаб қолиш даражаси 80 фоизга етган.

Ўзбекистонда аҳвол қандай?

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил ҳокимиятга келганида болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янги даражага кўтариш учун бюджетдан 1 трлн сўм ажратилишини айтганди. 4 йилдан бери республикада болалар гематология ва онкологияси соҳасида жадал сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Ҳозирда болалардаги ўткир лейкозларда халқаро даволаш протоколлари нафақат пойтахтда, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам татбиқ этилмоқда. Натижада болалар орасидаги ўткир лимфобласт лейкозларда ҳаёт сифатининг яхшиланиши 75 фоизни, ўткир миелобласт лейкозларда 45 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган режага асосан, барча ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли марказларида ягона умумлаштирилган бўлимлар фаолияти ташкил этилиши, «Болалар гематология ва онкологияси» йўналишида магистратура, ихтисослаш ва малака ошириш курслари дастури асосида кадрлар тайёрланиши амалга ошириляпти.

Дастлаб бу жараён Тошкент шаҳрида очилган Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро стандартлар асосида бошланди. Марказий Осиёда ягона бўлган марказда 20 ўринли онгологик-гематологик бўлим ташкил этилди ва Кореяда тажриба ошириб келган шифокорлар билан таъминланди. Бу ўринлар сонини 60тага етказиш режалаштирилган. Яқин истиқболда ушбу марказ тажрибаси ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли марказларида ҳам жорий этилади. Бу марказларда болалар гемато-онкологлари фаолият олиб боришади.

Болалар гематологияси ва онкологиясида давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда нодавлат ташкилотлар ҳам фаол иштирок этишяпти. Бу ташкилотлар доим бемор болаларга дорилар, операцияларда ёрдам бериб келишяпти. Шундай экан, имкониятларни ўзаро бирлаштириб, ҳамкорликда ҳаракат қилиш йўлга қўйилди ва болалар гематологи ҳамда онкологларидан ташкил топган 14та мониторинг гуруҳи тузилиб, ҳудудлардаги болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати ўрганилди.

Натижада ҳудудларда болалар гематологияси ва онкологиясидаги муаммолар ўрганилиб, ишлаб чиқилган йўл харитаси бир неча кундан кейин ҳукуматга тақдим қилинади. Бу харитада айни кунда қилинаётган ишлар ва улар қай тарзда давом эттирилиши кўрсатиб ўтилган.

Ўрганишлар асосида мультидисциплинар ёндашув, яъни кўп тармоқли болалар марказларида барча мутахассислар бўлиши йўлга қўйиляпти. У ерда нейрохирург ҳам, отолоринголог ҳам, эндокринолог ҳам, уролог ҳам бўлиши керак.

Бундан ташқари, мамлакатдаги барча болаларнинг консрегистри ташкил қилинади. Бу дастурда онкологик касалга чалиниб, рўйхатга олинган болалар ҳақида маълумот жойлаштирилади. Улар қайси босқичда даволанаётгани, қандай дорилар олиши кераклиги ҳақида шу дастурда аниқ маълумот олиш мумкин бўлади.

Яна бир муҳим йўналиш - илик кўчириш амалиётлари йўлга қўйилади. Катта маблағ талаб қиладиган бу жараённи йўлга қўйиш учун етарли мутахассислар, керакли ускуналар лозим бўлади. Бу масалада давлат раҳбари бизни қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Бутун дунё тажрибасидан келиб чиқиб поллиатив ёрдамни йўлга қўйишимиз лозим бўляпти. Бу дегани, бола шифо топиши, ҳаёт сифати яхшиланиши учун унга ҳам тиббий ёрдам, ҳам психологик ёрдам керак бўлади. Ана шуларни йўлга қўйсак, жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оламиз.

Мавзуга оид