«Зулфия» мукофоти совриндорининг жиноят содир этиши илк марта рўй бергани айтилди
17 феврал куни Kun.uz «Бир жиноят изидан» кўрсатувига асосланган ҳолда Тошкентда мудҳиш жиноят содир этган гуруҳга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар қилди.
Унда 31 ёшли тадбиркорни ўлдириб, унинг жасадини бўлакларга ажратиб, чуқурга кўмиб юборган шахс ва унинг жиноий шерикларига суд ҳукми ўқилгани ҳамда жиноятчилардан бири «Зулфия» мукофоти соҳибаси Севара Абдулҳакимова экани ҳақида сўз боради.
Мавзу ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилина бошлади. Изоҳлар орасида Севара Абдулҳакимовадан мукофотини олиб қўйиш кераклиги ҳақида фикр билдирганларни ҳам кўриш мумкин. Kun.uz мухбири мавзу юзасидан мутасаддиларга мурожаат қилди.
«Бунақаси биринчи марта» — Элмира Боситхонова
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг собиқ раиси, ҳозирда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага кўра, «Зулфия» мукофоти совриндорлари орасида жиноят содир этиш амалиёти биринчи бор юз бермоқда.
«Шу боис, бизда бу борада аниқ механизмнинг ўзи ҳам йўқ. Мукофотга лойиқ кўришни президент тасдиқлайди. «Зулфия» номидаги давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги президент фармонида бу кўрсатилмаган. Демак, жиноят содир этган Севара Абдулҳакимовадан ҳам мукофоти олинмаса керак», дейди Боситхонова.
Саодат Боймирзаева: «Низомда мукофот олиб қўйилиши кўзда тутилмаган»
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаевага кўра, «Зулфия» мукофоти бўйича низомда ҳам ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам жиноят содир этган қиздан мукофот олиб қўйилиши назарда тутилмаган.
«Бу мукофот ва унинг имтиёзи бир марта берилади. Севара Абдулҳакимова эса ўзига берилган имтиёздан фойдаланиб бўлган.
Бундан кейин ҳам шундай. Мукофотни олган қиз унинг имтиёзидан бир марта фойдаланади. Яъни мактаб ўқувчиси бўлса, мукофотни олгач бакалавр босқичига ўқишга имтиҳонсиз кира олади, бакалаврни битирган бўлса, магистратурага.
«Зулфия» мукофоти лауреати дегани доимий фойдаланиладиган ёки доимий имтиёз берадиган мукофот эмас.
Бу ҳақда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳеч нарса дейилмагани учун мукофот ҳам олиб қўйилмайди», – деди у.
Ҳасан Тошхўжаев: «Қотилликни "Зулфия" мукофоти қилдими?»
Хотин-қизлар қўмитасининг собиқ матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев ҳам мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.
«Муҳокама марказида воқеанинг ўзи эмас, унинг қаҳрамонларидан бири «Зулфия» мукофоти соҳибаси экани турибди.
Айримлар: «Мана, бу мукофот кимларга берилган...» дея шов-шув кўтаришга ҳам уринишмоқда. Гўёки қарийб 22 йилдан бери Зулфия мукофоти фақат нолойиқ кимсаларга тарқатилгандек...
Очиғини айтаман, мен собиқ Хотин-қизлар қўмитасининг матбуот хизматида ишлагунимга қадар «Зулфия» мукофотини олган ёки унга йиллар мобайнида номзод бўлган бир талай танишларим бор эди. Уларнинг барчаси одоби, ахлоқи, маданияти, маънавияти, билим ва салоҳияти билан бошқалардан андак ажралиб туриши ҳам бор гап эди. Лекин бу улар бир умр мана шундай яшашади, дегани эмаслигини ҳаммамиз ҳам яхши биламиз, англаймиз.
Зеро, инсон — ўз номи билан «унутувчи».
Қолаверса, ҳар қандай мукофот шахснинг аввалги хизматлари учун берилади ва бу унинг келгуси тақдири ҳам мана шундай кечишини англатмайди.
Журналист Азиза Қурбонова бугун билдирган бир фикрда ҳақ: айрим мақолаларда сарлавҳага «Зулфия» мукофотининг атайин олиб чиқилиши журналистик этикага зид. Бу шунчаки ўша мақоланинг ўқишлилигини ошириш учун қилинган ҳаракат, маданиятсизлик. Обуначи учун ҳеч нарсадан қайтилмаслигини кўрсатувчи «сигнал».
Зеро, қотилликни «Зулфия» мукофоти қилгани йўқ. Бу мукофотни олганлар эса «Ҳеч қачон қотилликка қўл урмайман», деб қасам ичишмаган ҳам.
Ўзбекистонда шу кунгача 339 нафар хотин-қиз «Зулфия» мукофотига лойиқ кўрилган. Ёлғон бўлмаса, шуларнинг қарийб 50 нафари билан шахсан танишман. Ва мен билган «Зулфия»чилар ҳам сиз-у биз каби оддий инсон. Уларнинг қаноти ёки шохи йўқ. Қачонлардир қилган ишлари, эришган ютуқлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирлангани туфайли шу юксак даражага эришганлар. Бироқ бу улар энди бир умр шундай яшаб ўтадилар, дегани эмас.
Боз устига, бу – тақдир. «Зулфия»чи қизнинг бошига тушган кўргилик менинг бошимга тушмайди», деб ҳеч ким ишонч билан айта олмаса керак. Айта оладиганлар ҳам эртага ўзлари мана шу ҳолга тушсалар, «Яхшиямки, «Зулфия» мукофотини олмаганман» деб ўзларини овунтирсалар керак... Яна билмадим...
Ҳар не бўлганида ҳам, Аллоҳ барчамизни адашишдан, хато қилиб қўйишдан Ўзи асрасин.
Яна бир гап. Тўрт имом зикр этган саҳиҳ ҳадисларнинг бирида: «Кимки бу дунёда бировнинг устидан кулса, ўзи ҳам бошидан шуни ўтказмагунча бу дунёдан ўтмайди», мазмунида сўз боради. Келинглар, кулиш, ғийбат қилиш ва қуруқ гап сотишдан кўра, барчамиз аввало, ўзимизга, сўнг бошқаларга тавфиқ сўрайлик», – дейди Ҳасан Тошхўжаев.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024