Жамият | 18:20 / 20.02.2021
31984
7 дақиқада ўқилади

Ширин ҳокими яшаётган уйни таъмирлаган усталар пулини ололмаяпти. Ҳамма ўзича «оппоқ»

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ҳокими, прокурори ва ИИБ бошлиғи учун ўтган йили хизмат уйлари қурилган. Қурилиш битганига 3 ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, бир гуруҳ қурувчилар ҳали ҳам иш ҳақларини ололмаяпти.

Уйлар «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК буюртмаси асосида, шаҳарнинг Мирзо Улуғбек маҳалласида қурилган. Бу масала юзасидан қурувчилар бригадаси бошлиғи Азизбек Эргашев Kun.uz'га мурожаат қилди.

Азизбек Эргашевнинг айтишича, у ва яна хоразмлик 11 нафар ишчи «Asadtillo Biznes» МЧЖлар раҳбари Одамбой Қурбонбоев билан оғзаки келишув асосида, Ширин шаҳридаги қурилишда 2 ой давомида ишлаган.

«Ширин шаҳрига борганимизда уйлар чала қурилган ҳолатда ташлаб кетилган эди. Биз камчиликларнинг ҳаммасини тўғриладик, уйларни яшашга тайёр ҳолга келтириб, Одамбой Қурбонбоевга топширдик. Бизга уйларнинг бири шаҳар ҳокимига, бошқаси шаҳар прокурорига ва яна бири ИИБ бошлиғига тегишли экани айтилганди.

У ерда 2020 йил сентябрь ойининг охирларидан 17 ноябрга қадар ишлаганмиз. Бу орада ҳаво совиб кетди; шароитлар йўқлигига қарамай, уйларни битказиб кетдик. Бу муддат давомида 12 киши биргаликда 67 миллион сўмлик ишни бажарган бўлсак-да, Одамбой Қурбонбоев бизга 24 миллион сўм иш ҳақи берган, холос.

Овқатланиш ўзимизнинг ҳисобимиздан бўлгани учун берилган 24 миллионнинг ҳам кўп қисми еб-ичишимизга кетиб қолди. Ётоқхона ҳам, ювиниш учун шароитлар ҳам бўлмаган, қурилаётган бинонинг ичида ётганмиз.

Азиз Эргашев

Ишимизни тугатганимиздан кейин 10 кунча кутдик. Эртага, индинга бераман деб чўзиб юрди, лекин шу пайтгача пулимизни бермади. Дўконлардан 1,8 млн сўмлик маҳсулотни қарзга сотиб олиб едик. Пулимизни олиш ўрнига, йўлкира ҳам тополмай, таксиларга пулини уйдагилардан олиб беришимизни айтиб, уйларимизга кетдик», – дейди у.

Азиз Эргашевнинг айтишича, қурилиш тамомлангач намунали уйлардан бирига Ширин шаҳар ҳокими кўчиб кирган. Қурувчилар ҳокимнинг олдига бориб, ишларни тугатганини, лекин ҳалиям иш ҳақи берилмаганини айтишган ва пулларини олиб беришда ёрдам сўрашган, аммо бундан наф бўлмаган.

«Мени ҳайрон қолдираётган нарса шуки, Қозоғистон ва Россияда ишлаб юрган акаларим, яқинларим хизмат ҳақларини муаммосиз олишяпти. Лекин ўзимизнинг давлатда бизга ўхшаган оддий ишчилар ҳалол пешона тери билан топган пулимизни ололмаяпмиз.

Биз шаҳар ҳокими ва бошқа масъуллардан ош-нон ёки иш топиб беришини сўраётганимиз йўқ, шу ернинг эгаси сифатида бузилган ҳақ-ҳуқуқларимизнинг тикланишида ёрдам сўраяпмиз, холос», – дейди у.

Ширин шаҳар ҳокимининг уйи

Ҳокимлик: «Усталар билан ҳисоб-китоб қилиш бизнинг зиммамизда эмас»

Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ширин шаҳар ҳокими Сарвар Султонов билан боғландик.

Ҳокимнинг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам Ширин шаҳрида сектор раҳбарлари учун мўлжалланган хизмат уйларида Хоразм вилоятидан келган усталар ишлаган, лекин усталар томонидан олиб борилган ишлар учун ҳисоб-китобларни ҳокимлик қилмаган: қурилиш «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК томонидан молиялаштирилган.

«Шу вақтгача кўпчилик муаммо билан келишади, ваколатимиз доирасида ҳамма ёрдамни берамиз. Бошқа масалаларда ҳам ўзимизни олиб қочмаганмиз. Ҳоким бўлиб тайинланганимдан кейин ўша уйларга бориб кўрганман, кирганимда усталар ишлаётган эди», – деди Сарвар Султонов.

Ширин шаҳар ҳокими Сарвар Султонов

Шунингдек, ҳоким хоразмлик ишчилар томонидан қурилиш ишлари сифатли бажарилмагани, уйга кўчиб келгандан кейин ўзи қайтадан таъмирлашга мажбур бўлганини қўшимча қилди.

Kun.uz Ширин шаҳар ИИБ катта терговчиси Шерали Жўраевдан олган маълумотга кўра, қурилишда ишлаган ишчиларнинг Бош прокуратурага ёзган шикояти ўрганиб чиқилиб, уларнинг яшаш манзили – Хоразм вилоятига жавоб хати юборилган. Унда ойлик маошлари масаласида фуқаролик судига мурожаат қилишлари лозимлиги тушунтирилган.

Шунингдек, усталар иш берувчи билан оғзаки келишувга асосан ишлаган ҳамда ойлик маош бўйича қандай келишув бўлганидан ҳокимликнинг ҳам, ИИБ вакилларининг ҳам хабари бўлмаган.

Жўраевдан фарқли ўлароқ, Ширин шаҳар Мирзо Улуғбек маҳалласи профилактика инспектори Одилбек Рустамов хоразмлик усталарнинг мазкур уйларни таъмирлаш ишларида иштирок этганини тасдиқлади.

Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати фойдаланишга топширилган янги уйлардан бирида айни пайтда Ширин шаҳар ҳокими яшаб келаётганини, қолган уйлар деярли бўш эканини, фақат биттаси бошқа фуқарога ижарага берилганини маълум қилди.

Пудратчи: «Буюртмачининг 300 млн сўм қарзи бор»

«Asadtillo Biznes» МЧЖ раҳбари Одамбой Қурбонбоев биз билан суҳбатда хоразмлик ишчилар Ширин шаҳридаги қурилишда ишлаганини тасдиқлаб, буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» етарлича пулларни бермагани учун қурувчиларнинг ҳақини тўлолмаётганини айтди.

Пудратчининг таъкидлашича, давлат буюртмалари асосида турли жойда амалга оширган қурилишлари учун 3–4 млрд сўм миқдорида маблағ олиши керак (у бу пулларни айнан қайси ташкилотлардан олишини очиқламади – таҳр.). МЧЖ раҳбари, шунингдек, Ширин шаҳридаги қурилиш юзасидан буюртмачининг 300 миллион сўм қарзи борлигини, усталарга ҳам 30 миллион сўм пулни ўз ёнидан берганини маълум қилди.

«Агар «Қишлоқ қурилиш инвест» пулимни берса, 2–3 кун ичида усталарнинг пулларини бериб юбораман», – дейди Одамбой Қурбонбоев.

Буюртмачи: «Пудратчидан қарзимиз йўқ, унинг устидан жиноят иши қўзғатилган»

Биз вазиятга изоҳ олиш учун Ширин шаҳридаги намунали уйлар буюртмачиси бўлган «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК Сирдарё вилояти филиали раҳбари вазифасини бажарувчиси Асомиддин Анлақулов билан боғландик.

Маълум бўлишича, Ширин шаҳридаги уйларни қурган фирма берилган пулларни талон-торож қилган. 6 та уйни фойдаланишга топшириш асносида камчиликлар аниқлангач, фирманинг мансабдор шахслари устидан 2020 йил ноябрь ойида жиноят иши қўзғатилган.

Янгиер шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланиб, иш жиноят ишлари бўйича Ховос туман судига юборилган. Асомиддин Анлақулов, юқоридагилардан ташқари, ҳозир шу фирма қурган яна 3 та уйдаги камчиликлар юзасидан ҳужжатлар йиғилиб, Ширин шаҳар прокуратурасига топширишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.

«Бугунги кунда «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясининг «Asadtillo Biznes» масъулияти чекланган жамиятидан ҳеч қандай қарздорлиги йўқ. Аксинча, объект тўла топширилмасдан берилган пулларни талон-торож қилгани учун фирма мансабдорлари устидан жиноят иши очилган», – деди Асомиддин Анлақулов.

Гувоҳ бўлганингиздек, бу вазиятда ҳеч ким ўзига «гард юқтиргиси» келмади.

Модомики, шаҳарнинг «эгаси» учун қурилган хизмат уйида ишлаган фуқаролар ҳақини ололмаётган экан, ҳоким ва бошқа масъуллар бунга жим қараб турмаслиги керак.

Kun.uz воқеаларнинг кейинги ривожини кузатишда давом этади.

Фаррух Абсаттаров
Шуҳрат Юнусов.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жамшид Абдиев.

Мавзуга оид