Жамият | 17:18 / 21.02.2021
20686
9 дақиқада ўқилади

30 йил олдинги хатоларни такрорламайлик — шоир Фахриёр давлат тили ҳақида

Агар қонун ёки фармон қабул қилиш билан иш битганда, давлат тилига 2005 йилда, лотин алифбосига эса 2010 йилда тўлиқ ўтиб кетган бўлар эдик, дейди шоир Фахриёр. У Kun.uz’га тақдим этган мақоласида давлат тили билан боғлиқ муаммолар ечими юзасидан ўз таклифларини ҳам илгари суради.

Биз кўпинча бирор нарса ҳақида кўп гапирилаётганини, қонун, фармон ёки қарор қабул қилинаётганини, қандайдир тузилмалар ташкил этилаётганини, уларга тегишли кампаниябозликни гўё шу билан муаммолар ҳал бўлиб қоладигандай қабул қиламиз, дўппимизни осмонга отамиз, кимларнингдир отини турлаш-туслашга тушиб кетамиз.

Бироқ орадан 30 йил ўтиб қарасакки, ҳеч нарса ўзгармабди: ҳаммом ҳам ўша-ўша, тос ҳам ўша-ўша.

Агар қонун ёки фармон қабул қилиниши билан иш битганда, давлат тилига 2005 йилда, лотин алифбосига эса 2010 йилда тўлиқ ўтиб кетган бўлар эдик. Шунинг учун кампаниябозликка ишонмасдан, ҳаққимизни талаб қилмас эканмиз, бундан кейин ҳам вазият ўзгариши қийин. Бу – масаланинг фақат ўзимизга тегишли бир жиҳати, холос.

Ундан ҳам кам бўлмаган яна бир ташқи таъсир омили бор. У ҳам бўлса, Россияда неоимпериалистлар қайта бош кўтараётгани ва жон-жаҳди билан собиқ СССРни тиклашга уринаётганидир. Бунинг учун Москва «арсенали»даги барча воситалар ишга солинмоқда: қўшни республикалар ҳудуди Россияники деб даъво қилинмоқда, «русцентризм» йўриғига юрмаётганларга ҳар хил иқтисодий босимлар ўтказилмоқда (Молдова, Грузия, қисман Ўзбекистон), тил сиёсати масаласида уларнинг ички ишларига аралашилмоқда (Украина, Молдова, Ўзбекистон).

Яқиндагина кузатилган помидорга тақиқ ёки рус сиёсатчилари ҳадеб Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига киришга ундаётгани – бундай хатти-ҳаракатларнинг кўринишларидир.

Яна шуни ҳам қайд этиш жоизки, янги мустақил республикаларда неоимпериалистларнинг бу очкўз талабларига «лаббай» деб жавоб берадиган советпарастлар ҳам, ҳокимиятда қолиш учун Москвага ён беришга тайёр сиёсатчилар ҳам, афсуски, истаганча топилади.

Бундан 3–4 йил олдин Россиянинг ўз таъбири билан айтганда, исми ўзбек бўлган «чет эл агентлари»нинг ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга сафари олдидан рус тилининг мақомини ошириш талабини ўзбек ҳукумати олдига қўйишни сўраб қилган мурожаатини эслайлик.

Энг ачинарлиси, сўнгги пайтларда тил масаласида ҳам ён бериш, яъни рус тилини иккинчи расмий тил сифатида сақлаб қолиш, айрим атамаларни Кремлга ёқиш учун русчалаштириш, миллий тил давлат тили саналган мамлакатларда рус тилининг қўлланиш доирасини кенгайтиришга уриниш, постсовет республикалари раҳбарларининг нафақат чет мамлакатлар вакиллари билан рус тили орқали музокара қилиш, ҳатто ўз халқига русча мурожаат қилиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Бу тамойилга айланиб кетаётгани ёмон.

Шунинг учун тез орада давлат тили ҳақидаги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, унинг талабларини бузганлик учун тегишли жавобгарлик чоралари аниқ белгиланиб, иссиғида лотин алифбосига ўтиб кетилмаса, ҳозирги икки алифболи шармандали ҳолат узоқ сақланиб қолаверади, чунки сўнгги йилларда Россиянинг постсовет макони, хусусан, Марказий Осиё республикаларига босими тобора ортиб бормоқда. Модомики, ҳукумат Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши юзасидан Россия босимига жавобан тилни ривожлантириш ҳақида ҳужжатлар қабул қилиб, Вазирлар Маҳкамаси қошида Давлат тилини ривожлантириш департаментини тузган экан, миллий тилни асраб қолиш ва ривожлантириш нафақат миллатнинг кўтарилишига, қолаверса, неоимпериалистларнинг босимига қарши туришга хизмат қилишига ишонгиси келади одамнинг.

Тил сиёсати

Такрор бўлса ҳам айтиш керакки, 30 йилдан ошиқ вақт мобайнида миллий тил борасида юритилган сиёсат ҳолва деган билан оғиз чучимаслигини аниқ-равшан кўрсатиб берди. Давлат тили ҳақида қонун қабул қилингани билан унинг талабларини бузганлик учун жавобгарлик, яна уни ҳаётга жорий қиладиган механизм бўлмагани, янада тўғрироғи, чала-чулпа механизм бир вақтлар амал қилгани ва у ҳам кейинчалик йўқ қилингани оқибатини бугун кўриб турибмиз – тил сиёсати борасида ташқи таъсирга боғлиқ бўлмаган ишларимиз ҳам ўлда-жўлда экан.

Булар барчаси давлат тили ҳақидаги қонун талаблари бажарилишини назорат қилувчи, тилимизга ҳар куни кириб келаётган ўнлаб, юзлаб атамалардан фойдаланишни тартибга солувчи механизм йўқлиги билан боғлиқ.

Бугунги куннинг энг катта бош оғриғи – атамаларни тартибга солиш масаласидир, деб бемалол айтиш мумкин. Уларни ҳар ким ўз билганича ишлатиб ётибди. Масалан, «тамойил» сўзи аллақачон «принцип» сўзининг муқобили сифатида дарсликларга ҳам кириб кетди. Ваҳоланки, у «тенденция», «тренд» сўзларининг ўгирмасидир. Қандай қилиб, «мойиллик»ни англатувчи сўз «принцип»нинг муқобили бўлиши мумкин?

Ёки «фуқаро» сўзини олайлик. Назаримда, «сиёсий ирода»ни бунақа хато атамаларни тиқиштиришга сарфламасдан, мутахассисларнинг фикрига қулоқ тутиб, мамлакат ва аҳолиси учун долзарб бўлиб турган муаммоларни ечишга йўналтириш кўпроқ фойда берган бўлур эди. Нега биз ҳам қардош халқлардан ўрнак олиб, «cитизен» сўзини «азамат» (Қозоғистон), «ватандош» (Туркия, Озарбойжон) деб олмаймиз? Ҳатто араблар ҳам бизга «фуқаро» сўзини «тортиқ қилиб юбориб», ўз ватандошларини مواطن («муватин» – «ватандош») деб атайди.

Яқинда бир таржима компаниясининг буюртмасини бажараётиб, «USCIVILAVIATION» бирикмасини ўзимизда қабул қилинган тартиб-қоидалардан келиб чиқиб, «АҚШ фуқаро авиацияси» деб таржима қилишга тўғри келди. «Фуқаро» сўзининг маъносидан яхши хабардор буюртмачи араб йигит бунга қаттиқ эътироз билдирди ва «civil» сўзининг «фуқаро»га қандай алоқаси борлигини билмай таажжубланди. Шунда мен ҳам бу атамага қарши эканимни, бироқ ўзбек тилида бу сўз «cитизен», «cивил» сўзларининг таржимаси сифатида қабул қилинганини эшитиб, ҳайрон қолди.

Шунинг учун бунақа атамаларни қабул қилишда кабинетда ўтириб эмас, сал атрофга ҳам қараб, мутахассисларнинг фикри билан танишиб, кейин хулоса қилинса, ҳозиргидай кулгили ҳолга тушиб ўтирмас эдик.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилгани, унинг раҳбари ҳукумат амалдорларидан чет элларга чиққанда ҳам ўзбек тилида гапиришни талаб қилаётгани яхши. Лекин амалий иш-чи? Давлат тили ҳақидаги қонун ижросини назорат қиладиган, атамаларни тартибга соладиган, уларни саралаб олиб, барча давлат идоралари қўллаши учун мажбурий қилиб қўядиган механизм жорий этилдими?

Бунақа механизмни яратиш учун қайтадан ғилдирак кашф этишнинг мутлақо кераги йўқ.

Туркия ва Исроил сингари мамлакатлар тажрибаси бунинг учун комиссия тузиш билан чекланиб қолмасдан, алоҳида институт ташкил этилиши зарурлигини ва у тил билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал этиш устида доимий иш олиб бориши, улар юзасидан ечимларни таклиф этиб, амалиётга татбиқ этилишини назорат қилиш билан шуғулланиши кераклигини кўрсатмоқда.

Масалан, Туркияда Турк тили уюшмаси 1932 йилда Мустафо Камол Отатурк ташаббуси билан ташкил этилган. Уюшма ҳозирги кунга қадар турк тили тартиб-қоидаларига риоя этилишини назорат қилувчи расмий идора ҳисобланади. Ҳозирги кунда чет тиллардан кириб келаётган атамаларнинг туркча муқобилини топиб ишлатиш билан шуғулланади, бундан ташқари, луғатлар чоп қилади.

Ёки Исроилнинг Иброний тили академиясини олайлик. У давлат муассасаси бўлиб, иврит – иброний тили, унинг тарихи ва ривожланишини ўрганади, шунингдек, ушбу тил бўйича меъёрлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Академия иброний тилини тартибга солувчи идора бўлиб, унинг грамматик, лексик ва атамашунослик меъёрларини белгилаш, жумладан, янги сўзларни ишлаб чиқиш ва расман тасдиқлаш ҳуқуқига эга. Академиянинг тил меъёрларига оид қарорлари давлат ҳужжатларининг расмий тўпламида чоп этилади ҳамда улар марказий давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари, давлатга қарашли ва илмий муассасалар, жумладан, телерадиоэшиттириш бошқармаси учун мажбурий ҳисобланади.

Бизда ҳам шундай тузилмага эҳтиёж бор.

Шошилинч ҳал этилиши керак бўлган яна бир масала – давлат тили ҳақидаги қонун ижросини назорат қилиш механизмини яратишдир. Масалан, Францияда давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига риоя қилинишини истеъмолчилар ташкилотлари назорат қилади. Назаримда, бизда ҳам бундай ваколатни жамоат ташкилотларига бериш ва буни давлат тили тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририга киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Хуллас, давлат тили ҳақида қонун қабул қилингандан бери орадан ўтган 30 йилдан кўпроқ вақт бу масалага чала-чулпа ёндашиш қандай оғир оқибатларга олиб келишини кўрсатди. Қонунни янги таҳрирда қабул қилишда ўша хатоларга йўл қўймаслик зарур бўлади.

Фахриёр

Мавзуга оид