Уч асрни кўрган онахон: Бувайдалик Ҳувайдо ая ҳамон тетик
Уч аср билан юзлашган Ҳувайдо момо ҳақида икки йил аввал ҳам ёзган эдик. Балки, кимлардир бу орада момонинг зиёратига ҳам боришга улгургандир. 126 баҳорни қаршилаётган онахон ҳамон ҳаёт.
8 март байрами арафасида Kun.uz ижодкорлари Ҳувайдо момо Умаровани яна бир бор зиёрат қилиш учун Фарғона вилоятининг Бувайда туманида бўлди.
Момонинг фуқаролик паспортида туғилган санаси – 1895 йилнинг 1 январи деб қайд этилган. Ҳувайдо онанинг суҳбатида бўлиб, момонинг хотираси ҳамон тиниқ, гаплари дадил эканлигига амин бўлдик. У кишининг ўтган давр хотиралари – колхозлаштириш, қулоқлаштириш, иккинчи жаҳон уруши, очарчилик даврларини аниқ эслаб, гапириб беришларидан ҳайратга тушдик. Ёнимизда тарих жонлангандек эди гўё.
Момо биз билан суҳбатда ўтган аср бошидаги давлат тўнтариши, очарчилик кунлари, Катта Фарғона канали қазилишида қилинган меҳнатлар, уруш вақтларида 9 гектарлаб ғўза майдонларини аёл боши билан тунни тонгга улаб бир ўзи суғорганлиги ҳақидаги воқеаларни эслаб, ҳикоя қилиб берди.
«Ҳозирги Фарғона каналининг қазилишида хотинлар ҳам, эркаклар ҳам бирдек ишлаган. Канални ҳеч ким қўли билан ковлаган, демайди. Кейин уруш бошланди. Канални қазишда иштирок этган зўр-зўр алп йигитлар урушга кетди. Кўплари ўша ерларнинг ўзида қирилиб кетди. Янгиқўрғон авваллари чўл эди. Бу ерларни текислаб, пахта жой қилганмиз. Боғ қилиб яратилишида ҳам меҳнат қилганмиз. Бу ерларни ҳозир кўрганлар чўл бўлган деб ўйламайди», — дея хотирлайди Ҳувайдо момо Умарова.
Момонинг таъкидлашича, уларнинг авлодида бир асрдан зиёд яшаганлар кўп бўлган: масалан, момонинг отаси Тошмат ота 101 ёшга, тоғаси Муллақодир ота 130 йил яшаган бўлса, аммаси Сайдинисо она 125 йил умр кўрган.
Ҳувайдо момонинг билдиришича, биринчи рўзғоридан фарзанд бўлмаган. Иккинчи рўзғоридан кўрган икки фарзанди ҳам турли касалликларга чалиниб вафот этган.
Момо 1935 йили ўғил фарзанд кўради. Унга Ҳошимжон деб исм қўяди ва онахоннинг бахтига Ҳошимжон яшаб кетади. Уч қиз, тўрт ўғил – жами етти нафар фарзандни катта қилган момонинг ҳозирда 50 нафар невара, 71 чевара, 50 дан ортиқ эваралари бор.
Момо айни кунларда кенжа ўғли Ҳусанбой билан биргаликда истиқомат қилади. Кенжа келин Дилоромхон тун-у кун момо билан бирга.
Дилоромхон Умарова биз билан суҳбатда хонадонга келин бўлиб тушганига 40 йил бўлганини билдириб, момонинг хизматида бўлиш унинг учун энг катта бахт эканини таъкидлади. Момонинг энг катта ўғил фарзанди вафот этган. Улардан кейинги қиз фарзанди ҳозирда 80 ёшдан ошган, яна бир қизи эса бир кам саксон ёшга тўлаётган бўлса, кенжа фарзандидан олдинги ўғли 70 ёшдан ошган. Кичиги 60 ёшда.
«Онамнинг сўзларини эшитсам, ўтириб йиғлагим келади. Онажон сиз, Анбар отин, Бибихонимлардан, Тўмарислардан қаерингиз кам, дегим келади. Бошидан ўтганларини, қилган меҳнатларини гапириб бериб ўтиришади. Онамни не-не жойлардан одамлар зиёрат қилиб келади. Байрамларда маҳалламиз раислари, туман ҳокимлари доимо хабар олиб туради. Шуларга ҳам хурсанд бўламан. Борларига шукур қиламан», — дейди кенжа келин Дилоромхон Умарова.
Момо қадим эски лапарларимизнинг ҳам моҳир ижрочиси. Ўғли Ҳусанбой аканинг айтишича, момо хонадон ичида ўзи қолган вақтларида қўшиқлар хиргойи қилиб ўтиради. Илтимосимизга кўра, Ҳувайдо она бизга ҳам қўшиқ хиргойи қилиб берди.
Маҳалла фаолларидан бири Комилжон ака Расуловнинг фикрича, маҳаллада тўйлари бўлаётган ёш келин-куёвлар, албатта, момонинг олдига келиб, уларнинг дуоларини олиб кетишар экан.
Биз Ҳувайдо онанинг хонадонига борган кунимиз, кутилмаганда Бувайда тумани ҳокими Бегзодбек Ибрагимов ҳам туман мутасаддилари билан биргаликда момони 8 март байрами билан табриклагани келиб қолди. Ҳоким Ўзбекистондаги энг кекса онахонни байрам билан табриклар экан, ушбу онахон айнан Бувайда туманида истиқомат қилишидан доимо фахрланишини айтиб ўтди.
Момонинг зиёратидан қайтар эканмиз, халқимизнинг «Қариси бор уйнинг париси бор», деган нақлини яна бир бор ёдга олдик. Кетар чоғимиз, момо дуога қўл очар экан умрларинг узоқ бўлсин, дея дуо қилди. Биз ҳам момога янада зиёда умр тилаб, хайрлашдик.
Маълумот учун: Ҳувайдо момо Умарова 2016 йилда президент фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Шоҳуёр Қаюмов.
Мавзуга оид
17:30 / 20.02.2024
Тўрт ҳудудда ноқонуний ер савдоларига чек қўйилди
15:26 / 28.11.2023
Фарғона вилоятида 4 та автомобил иштирокида ЙТҲ рўй берди
16:37 / 28.01.2023
Орамиздаги одамлар: Кейинги ойликкача қарз бўлиб қоладиган ўт ёқувчи
16:48 / 25.11.2022