Ўзбекистон | 16:22 / 10.03.2021
41140
4 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors раҳбари ходимларининг маош камлиги ҳақидаги шикоятларига муносабат билдирди

«Ходимлар нақд 4–5 миллион сўм ойлик олади. Ўзбекистон ҳудудида бу маош етарли», – деганди компания бош директори Рустам Ражабов. Унинг бу сўзларидан бир неча кун ўтиб компания ҳайдовчилари маошлар камайиб кетганидан шикоят қилиб иш ташлаш ўтказди.

Фото: Kun.uz

6 март куни UzAuto Motors автомобилларини Ўзбекистон бўйлаб ташувчи автовозлар ҳайдовчилари иш ташлаш ўтказиб, маош камлигидан шикоят қилганди. Хусусан, Kun.uz суҳбатлашган ҳайдовчилардан бири ойлиги икки баробардан кўпроққа камайганини айтганди.

Ундан аввалроқ, 2–3 март кунлари Асакадаги автозаводга пресс-тур уюштирилиб, матбуот анжумани ҳам ўтказилганди. Унда Kun.uz мухбири корхона ишчиларидан ойлик камлиги борасида таҳририятга мурожаатлар бўлаётганини айтиб, бу борада изоҳ сўради.

Саволга UzAuto Motors бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов ва «Ўзавтосаноат» Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров жавоб берди.

«Кореядаги 400 мингта автомобил ишлаб чиқарувчи «GM» заводида тўрт-беш минг одам ишлайди. Ишлаб чиқариш роботлаштирилган. Бизда кўпроқ ишчи ишлайди. Улардаги яшаш шароити, маошлари билан биздаги шароитни солиштириш қийин.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратамиз. Бизда ишлаб чиқарилаётган Spark моделини олайлик. Айнан мана шу моделининг нархи бизда 7 минг АҚШ доллари бўлса, уларда анча қиммат.

Яқинда «Nissan» заводи мутахассислари ҳам Sparkнинг биздаги нархини кўриб ҳайрон қолишди. Улар: «Нега сизлар дунёда 10, 15 минг доллар атрофида сотиладиган Sparkни 7 минг доллардан сотяпсизлар», дейишган.

Рустам Қодиров, «Ўзавтосаноат» АЖ Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи 

Мана шу жиҳатлари билан солиштирганда, бизнинг ва Кореядаги ишчиларнинг ойликлари деярли бир хил бўлади. Бизнинг мақсадимиз шундан иборатки, ишлаб чиқаришни кўпайтириб, сўнг ишчилар маошини кўпайтирмоқчимиз.

Мабодо заводни худди Кореядагидек автоматлаштирсак, ишчилар ойлиги кўтарилади, лекин уларнинг тенг ярмини ишдан бўшатишга тўғри келади», – деди «Ўзавтосаноат» Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров.

UzAuto Motors бош директори в.б. Рустам Ражабов ходимларнинг ижтимоий ҳимоя пакети ҳақида тўхталди.

Рустам Ражабов, UzAuto Motors бош директори в.б. 

«Автомобил заводимизда 11 минг нафар ишчи фаолият юритади. Улардан 5 минг нафари – юқори тоифадаги мутахассислар. Биз уларни Кореяда ўқитганмиз, йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтказамиз. Йилда бир марта меҳнат таътилига чиқишганида моддий ёрдам берилади. Ишга келиб-кетишга транспорт, махсус кийим-бош, овқатланиш – завод ҳисобидан. Ишчиларимиз ишга келиб-кетиб ҳеч қандай харажат қилмайди.

Йил давомида ишчиларга байрамликлар, мукофотлар берилади. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий ҳимоя пакети амалда. Сифатли автомобиль ишлаб чиқарилса, бонуслар қўшилади.

Раҳбар сифатида ходимларнинг ойлик маошлари миқдори билан танишиб тураман. Ходимлар нақд 4–5 миллион сўм ойлик олади. Ўзбекистон ҳудудида бу маош етарли.

Ишчиларимиз олдинлари намунали уйлардан олиб келишган бўлса, ҳозир мана Асакада Asaka City қуриляпти, уларнинг маоши рўзғоридан ошиб, мана шу мажмуадан кредит ҳисобига уй олишга ҳам етади», – дейди Рустам Ражабов.

Маълумот учун, 6 март кунги иш ташлашда қатнашган ходимлардан бири Kun.uz билан суҳбатда маоши сезиларли камайиб, 3 млн сўмга тушганини айтганди. Бундан ташқари, интернетда тарқалган видеода 20 минг сўм ойлик олганини айтган ходимнинг гапларига компания бош ҳисобчиси Акмалжон Ёқубов изоҳ бериб, ушбу ходимга февраль ойида аслида 2,6 млн сўм ойлик ҳисобланганини (шундан 315 сўм минг даромад солиғига ушланган) маълум қилганди.

Мавзуга оид