Спорт | 13:18 / 25.03.2021
2902
2 дақиқада ўқилади

 «Aрал самали» клуби футболчилари ҳар ўйинда ғалаба қозонса, рағбатлантирилиши мумкин

Кеча Нукусда Қорақалпоғистоннинг «Aрал самали» ва Қашқадарёнинг «Шўртан» клублари ўртасида Про лига 1-туридан ўрин олган баҳс бўлиб ўтганди. Унда Нукус жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиндан кейин Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Ғайратбай Байниязов ҳамда Вазирлар Кенгашининг масъул ходими футболчилар билан қисқа мулоқот қилди.

«Aрал самали» футболчиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раҳбариятининг табриклари айтилди. Қорақалпоғистон ҳукумати вакили Қорақалпоғистон жисмоний тарбия ва спорт вазири Ғайратбай Байниязовга шахсан Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев номидан футболчиларга рағбатлантириш берилишини тайинлади. Aгар ҳар бир ўйинда ғалаба қозонилса, рағбатлантириш мунтазам бериб борилиши айтиб ўтилди.

Бунга жавобан ўйинда дубл қайд этган Aзамат Aлланиязов ҳар ўйинда футболчиларнинг руҳиятини кўтариб, фақат эътибор қаратишларини сўради.

Маълумот учун, «Aрал самали» Про лига 1-туридан кейин пешқадам бўлиб турибди. Қорақалпоғистонлик футболчилар билан бирга «Динамо», «Бухоро» ва «Хоразм» жамоаларида 3 очкодан бор. Нукусликлар дарвозага киритилган голлар эвазига 1-ўринда боришмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Aрал самали» 2-тур Хоразм вилоятининг «Хоразм» жамоасини Нукусда қабул қилади. Ўйин Нукусдаги «Футбол маҳорат мактаби» майдонида соат 16:00 да бошланади.

Мавзуга оид