Жамият | 15:31 / 02.04.2021
5717
6 дақиқада ўқилади

Томорқа хўжалиги эгалари ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси президенти «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонунга имзо чекди. Томорқа хўжалиги эгалари қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин.

Фото: agronet.uz

Томорқа хўжалиги шахсий ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини оила эҳтиёжлари ва эркин савдо учун етиштирадиган фаолият тури бўлиб, тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди. Шунингдек, томорқа хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди.

Қонунга кўра, эндиликда томорқа хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи шахс аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин.

Ушбу қонун билан томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Томорқа хўжалигидаги фаолият шахсий томорқа ер участкаси эгасининг ва оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади.

Майдони камида 0,04 гектар бўлган шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ёки мазкур майдонда шохли қорамол ёхуд камида эллик бош парранда боқаётган шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқ тўлаши мумкин.

Бунда, шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқни ихтиёрий асосда тўлайди. Ижтимоий солиқнинг белгиланган миқдорини тўлаш меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш чоғида бир календар йили деб ҳисобга олинади. Ижтимоий солиқни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланади.

Томорқа хўжалигини юритишда томорқа ер участкасида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш, маиший ва бошқа бинолар, шунингдек транспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги техникаси, ашёлар, асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, асаларилар, паррандалар, ипак қурти (пилла) ва бошқа мол-мулкдан фойдаланилиши мумкин.

Шунингдек, қонунда шахсий томорқа ер участкасига қандай ерлар киритилиши айтилган. Унга кўра, шахсий томорқа ер участкаси томорқа хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёхуд якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш мақсадида ажратилган ер участкаси ҳисобланади.

Томорқа хўжалигини юритиш учун:

  • эркин савдо ва оила эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ушбу қонун кучга киргунига қадар мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди ерлари ҳамда аҳоли пунктлари ерларидан берилган ер участкаларидан;
  • мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларидан фойдаланилиши мумкин.

Умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган шахсий томорқа ер участкалари ёки уларнинг бир қисми мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга вақтинча фойдаланиш учун топширилиши мумкин.

Ер участкаларини томорқа хўжалигини юритиш учун бериш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Томорқа хўжалигидаги фаолият шахсий томорқа ер участкаси эгасининг ва оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади.

Майдони камида 0,04 гектар бўлган шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ёки мазкур майдонда шохли қорамол ёхуд камида эллик бош парранда боқаётган шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқ тўлаши мумкин.

Бунда, шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқни ихтиёрий асосда тўлайди. Ижтимоий солиқнинг белгиланган миқдорини тўлаш меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш чоғида бир календар йили деб ҳисобга олинади. Ижтимоий солиқни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланади.

Томорқа хўжалигини юритишда томорқа ер участкасида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш, маиший ва бошқа бинолар, шунингдек транспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги техникаси, ашёлар, асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, асаларилар, паррандалар, ипак қурти (пилла) ва бошқа мол-мулкдан фойдаланилиши мумкин.

Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • томорқа хўжаликларини эркин ва мустақил равишда бошқариш, шу жумладан, етиштирилган ҳамда мустақил тарзда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин реализация қилиш, мустақил равишда нарх белгилаш ва олинган даромадларни тасарруф этиш;
  • ўзи етиштирган ёки қайта ишлаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорларда, савдо шохобчаларида мустақил равишда ёки ўз вакиллари орқали монеликсиз ва эркин реализация қилиш;
  • агрокластерлар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативларига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш;
  • иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари ҳамда паррандалар, қишлоқ хўжалиги ашё-анжомлари ва ускуналари, суғориш қурилмалари (насослар, артезиан қудуқлар ва бошқаларни) сотиб олиш учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан, шу жумладан, имтиёзли кредитлардан, субсидиялардан ва бошқа преференциялардан фойдаланиш;
  • Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш;
  • ерга оид ташкилотларнинг ҳамда хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва реализация қилишга доир хизматларидан фойдаланиш;
  • шахсий томорқа ер участкаларида давлат органларининг, шу жумладан, архитектура-қурилиш, экология, санитария-гигиена органларининг ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминловчи органларнинг рухсатномасини олиш заруратисиз енгил конструкциялардан иссиқхоналар қуриш;
  • сув ресурсларидан фойдаланиш.

Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар:

  • ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаши, шу жумладан, ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки ободонлаштиришни амалга ошириши;
  • тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чораларини кўриши;
  • сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиши;
  • уй-жой қуриш ҳуқуқисиз ажратилган ер участкаларида бинолар ва иншоотлар қурмаслиги;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда экология ҳамда санитария талаблари ва нормаларига риоя этиши шарт.

Мавзуга оид