Жаҳон | 14:56 / 03.04.2021
4424
2 дақиқада ўқилади

Байден халқаро жиноят суди ходимларига нисбатан киритилган санкцияларни бекор қилди

2020 йил июнда Трамп АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбийлари содир этган жиноятларни тергов қилишга алоқадор ХЖС ходимларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўллаш тўғрисида фармон чиқарганди.

ХЖС / Фото: Getty Images

АҚШ маъмурияти Доналд Трамп томонидан халқаро жиноят суди (ХЖС) ходимларига нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилди.

Давлат департаментининг хабар қилишича, ХЖС прокурори Фату Бенсуда ва суд бўлимларидан бирининг раҳбари Факисо Мочочокога нисбатан киритилган санкциялар бекор қилинган.

«Бундан ташқари, давлат департаменти ХЖСнинг айрим ходимларига нисбатан 2019 йилда жорий этилган виза чекловлари тўғрисидаги фармонни ҳам бекор қилди», — дейилади хабарда.

 2019 йилда АҚШ давлат котиби Майк Помпео Вашингтон АҚШ ҳарбийларининг ҳаракатлари устидан тергов олиб боргани учун халқаро жиноят суди ходимларига нисбатан санкция киритишга тайёрлигини айтганди.

2020 йил июнда Трамп АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбийлари содир этган жиноятларни тергов қилишга алоқадор ХЖС ходимларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўллаш тўғрисида фармон чиқарди.

2020 йил сентябрда эса Трамп маъмурияти суд терговни давом эттираётгани учун ХЖС прокурорига нисбатан санкция жорий этилганини эълон қилди.

ХЖС 2002 йилда Ҳаагада ташкил этилган. Суд ҳарбий жиноятлар, геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича иш олиб боради. АҚШ ушбу суд фаолиятида қатнашишдан бош тортган.

Мавзуга оид