Иқтисодиёт | 20:35 / 09.04.2021
17224
3 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси кунгабоқар ва пахта ёғлари қимматлаши бўйича изоҳ берди

Кунгабоқар ва пахта ёғлари нархининг кескин ошишига жаҳон бозорларидаги нархлар ошиши, ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлгани, қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланган муддат узайтирилиши таъсир этган.

Ижтимоий тармоқларда март-апрел ойларида кунгабоқар ва пахта ёғлари нархлари кескин ошгани кенг муҳокама қилинмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълум қилишича, ички бозорда ўсимлик ёғи маҳсулотлари нархлари ўзгариши ташкилот томонидан таҳлил қилиб борилмоқда.

«Ички бозорларда нархлар кескин ўсишига биринчи навбатда,

ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши муносабати билан асосий етказиб берувчилардан бўлган қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланиши тартиби муддатининг узайтирилиши ҳам таъсир этди.

Ўз навбатида, импорт асосида олиб келинадиган кунгабоқар ёғи ва уруғи нархларининг ошиши маҳаллий пахта ёғи нархларига ҳам бевосита ўз таъсирини кўрсатди.

Шу билан бирга, маҳсулотга бўлган талабни қондириш учун ички бозорда таклиф етарли даражада эканлиги ҳам маълум бўлди.

Юқоридагиларга асосан, ички бозорда ўсимлик ёғи нархларини барқарорлаштириш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар биргаликда барча зарур чораларни кўраётганлиги маълум қилинади», дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумотида.

Қўмитага кўра, санитария қоида ва меъёрларига мувофиқ республика бўйича йилига 300 минг тоннадан ортиқ ўсимлик ёғи талаб этилади.

2020 йилда аҳоли истеъмоли учун 450 минг тоннадан зиёд ўсимлик ёғи муомалага чиқарилган бўлиб, шундан ярмидан ортиқроғи импорт қилинган.

Аввалроқ сайтимизда Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархлари ошиб бораётгани юзасидан мақола эълон қилинганди.  Унда дунё бўйича ўсимлик ёғлари нархи ўртача 20-25-фоизга, Ўзбекистонда эса 17 фоизга ошгани, нарх яна 30 фоизга ошиши мумкинлиги билдирилган.

Шунингдек, Тошкент бозорларида ярмаркадаги ёғ учун навбатлар юзага келаётгани хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида бозорларда максимал 17-19 минг сўмдан сотилган ўсимлик ёғи (писта ёғи) апрел бошига келиб, 22 минг сўмдан сотилмоқда.

Мавзуга оид