Жамият | 15:46 / 27.04.2021
52563
2 дақиқада ўқилади

Давлат солиқ қўмитаси депутат Расул Кушербаевни судга берди

ДСҚ Расул Кушербаевдан солиқ органларига маънавий зарар етказганлиги учун 4,6 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар ундирилишини ва депутат оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериб, кечирим сўрашини талаб қилмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди.

Бунга депутатнинг «Human.uz» ахборот порталидаги «Сўз блогерларга» кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган «ҳақоратомуз сўзлари» сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

Даъво аризасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари 22-бандида, депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги, агар депутатнинг баёнотида шундай фикрлар мавжуд бўлса, депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ҳамда кечирим сўраши кераклиги асос сифатида кўрсатилган.

ДСҚга кўра, депутат Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99, 100, 1021 ва 1022-моддалари ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг 33, 189 ва 191-моддаларига асосан давлат солиқ хизмати органлари ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларига нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериши ҳамда кечирим сўраши лозим.

Шунингдек, ДСҚ депутатдан солиқ органларига маънавий зарар етказганлиги учун 4,6 миллиард сўм миқдорида жарима ундирилишини талаб қилмоқда.

Мавзуга оид