Ўзбекистон | 08:42 / 27.04.2021
3654
2 дақиқада ўқилади

Нукусдаги қимирлаб туриши айтилган кўприк ҳолати бўйича расмий баёнот берилди

Фото: KUN.UZ

Нукусдаги «Жанга базар» ва «Aлмазар» МФЙлари оралиғидаги темир йўл устида жойлашган кўприк қурилиши ҳали тўлиқ якунига етмасдан фойдаланишга топширилгани, у йўловчилар ўтганда қимирлаб туриши ҳақида хабар бергандик.

Қўнғирот темир йўллари УК муҳандиси Ўктам Камаловнинг Kun.uz мухбирига айтишича, кўприк қурилиши чиндан ҳам якунига етмаган. Маҳаллий ҳокимият билан келишилган ҳолда фойдаланишга рухсат берилган.

Ўктам Камаловнинг сўзларига кўра, кўприкнинг ҳозирги қиёфаси бутунлай ўзгаради. Лойиҳада кўрсатилган кўприкнинг том қисми ўрнатилади. Қўшимча тунги чироқлар ҳам ўрнатилади. Кўприкнинг ташқи қиёфасида Қорақалпоқ миллий орнаментларидан фойдаланилади.

Кўприкнинг тўлиқ битказилмаганига сабаб, лойиҳада кўрсатилган тунги ёритиш чироқлари ва том қисми талабга жавоб бермаган. Буюртмачи ташкилот бу жиҳозларга қайтадан буюртма берган.

Қўнғирот темир йўллари УК муҳандиси кўприкдаги ёриқларга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, иккита бетон бирлашган жойда ёриқлар, кичик бўш жой бўлиши табиий ҳолат. Турли хил силкинишлар бўлган  пайтда кўприк синиб кетмаслиги учун жуда муҳим, дейди Ўктам Камалов.

Шунингдек, муҳандис кўприкда ишлар тўлиқ якунига етгандан кейин ОАВ учун махсус тақдимот ўтказилишини ҳам айтиб ўтди.

Маълумот учун, ушбу кўприкдан Нукусдаги 22-, 27-, 34-, 41-мактаб ўқувчилари ва 22-, 23-кичик туман, «Қўскўл-3» МФЙ аҳли ўтиб қайтишади. У «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ буюртмаси асосида қурилган. Уни «Кўприк қурилиш» ДУК амалга оширган. Қурилишга жами 1 млрд 500 минг сўм маблағ ажратилган

Аввалроқ Нукус деҳқон бозори қаршисидаги осма кўприк 2-3 кун ичида ишга тушиши ҳақида хабар бергандик. 28 мартдан бери салкам 30 кун вақт ўтдики, кўприк ҳалиям ишга тушмади.

Мавзуга оид