Жаҳон | 17:01 / 02.05.2021
8037
2 дақиқада ўқилади

Crew Dragon кемаси 4 фазогир билан Ерга қайтди

2 май куни АҚШнинг Crew Dragon-1 фазовий кемаси Халқаро коинот станциясидан ажралиб, 4 фазогир билан бирга Ер томон йўл олди. У 6,5 соатлик парвоздан кейин тунги вақт Мексика кўрфазига қўнди.    

Кемада Ерга NASA астронавтлари Майкл Хопкинс, Виктор Гловер, Шеннон Уокер ва Япония аэрокосмик тадқиқотлари агентлиги астронавти Соичи Ногучи қайтди.

Охирги марта АҚШга қарашли фазовий кема тунги вақт денгизга 1968 йил 27 декабрда қўндирилганди. Ўшанда Ой атрофида парвоз амалга оширган “Аполлон-8” кемаси Ерга қайтарилган.

Crew Dragon-1 экипажи ХКСда ярим йил фаолият олиб борди. SpaceX компанияси томонидан NASA учун ишлаб чиқилган янги кўп маротабалик бошқарилувчи кема орбитага биринчи мунтазам парвозни амалга оширганди.

Ҳозирда коинот станциясида “Роскосмос” фазогирлари Олег Новицкий ва Пётр Дубров, NASA астронавтлари Марк Ванде Хай, станцияга 24 апрелда Crew Dragon-2 кемасида келган америкалик астронавтлар Меган Макартур ва Шейн Кимбро, Европа коинот агентлиги астронавти Томас Песке ва япониялик астронавт Акихико Хосидэ фаолиятини давом эттирмоқда.

Мавзуга оид