Президент: Бундан буён битирувчилар камида икки чет тилини мукаммал билиши шарт
Маълум қилинишича, 1400та мактабда чет тили ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз аҳволда, мактаблардаги 11 минг ўқитувчидан 49 фоизи тестдан ўта олмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида чет тилларини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди.
«Бугунги мавзуга кўпдан бери тайёргарлик кўрганмиз. Парламентга мурожаатимизда ҳам физика ва чет тилларини ўрганишни кучайтириш бўйича алоҳида тўхталгандик. Шиддат билан ўзгараётган замонда рақобатга тайёр бўлишимиз керак. Учинчи ренессанс пойдеворини мустаҳкам қилиш учун ҳам чет тилларини ўрганишни кучайтиришимиз керак. Қандай оғир бўлмасин, бу масала эътиборда бўлиши, урғуни алоҳида беришимиз лозим.
Бу масала билан жиддий шуғулланиш вақти келди. Очиқлик сиёсатимиз, дунё бозорига фаол кириб бораётганимиз ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларимизнинг кун сайин кенгайиши, ушбу масаланинг долзарблигини янада оширмоқда. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳ битирувчилари камида 2та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу ҳам биз учун катта масъулият. Агар мана шундай катта марра олмас эканмиз, натижага эриша олмаймиз.
Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим. Шунинг учун, жойларда чет тилларини ўрганишга етарли шароит яратиш ва уни оммалаштириш барча раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши лозим. Замоннинг ўзи бизга шундай талаб қўйяпти», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, бугунги кунда 25та олийгоҳда ўқитиш чет тилида олиб борилмоқда. Халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сўнгги 3 йилда 10 бараварга ошган (700 нафардан 7 минг нафарга). 60 минг ўқувчи етакчи хорижий олийгоҳларда таҳсил олмоқда.
Жорий йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 350 нафар ёшларнинг нуфузли хорижий университетларда ўқиши учун стипендиялар ажратилган. Бу ўтган йилларга нисбатан 5 баравар кўпдир.
«Агар кимдадир янада кўпайтириш бўйича таклифлар бўлса, уни ҳам кўриб чиқишга тайёрмиз. Ҳокимлар ҳам бу борада ташаббус кўрсатишлари мумкин.
Лекин, қайд этилган кўрсаткичларга қарамай, чет тилларини ўқитиш бўйича жойлардаги ҳақиқий аҳвол, олдимизга қўйилган катта режаларга мутлақо муносиб эмас», деган Шавкат Мирзиёев.
Маълум қилинишича, 1400та мактабда чет тили ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз аҳволда, мактаблардаги 11 минг ўқитувчидан 49 фоизи тестдан ўта олмаган.
«Янги Ўзбекистон қуряпмиз, лекин тизимга вақтида эътибор бермаганимиз учун бугунги кунда, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчилари лавозими вакант бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, 1 минг 400та мактабда чет тили ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз аҳволда. Бу кўрсаткич Қашқадарёда – 380та, Самарқандда – 287та, Жиззахда – 140та, Тошкент вилоятида – 120та, Сурхондарёда – 90тани ташкил этади.
Мактабларда ишлаётган жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил билиш тўғрисидаги сертификатларга эга. Бор йўғи 4 фоиз!
Мисол учун, 18та туман ва шаҳарда, жумладан Хонобод ва Қувасой шаҳарлари, Зафаробод, Миришкор, Тўрткўл, Шеробод ва Узунда бирорта ўқитувчи сертификат олмаган. Шунингдек, жами 11 минг нафар мактаб чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган. Очиқ айтсак, ўзи уларнинг ишлашга ҳаққи йўқ, лекин иложсизмиз, бошқаси йўқ.
Қашқадарёда – 55 фоиз, Жиззахда – 53 фоиз, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарёда – 52 фоиз. Шу боис, мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди», деган давлат раҳбари.
Мавзуга оид
13:18 / 13.08.2024
Солиқ қўмитаси йирик корхоналарнинг маҳаллий бюджетга тўловларини ҳисобга олиш тартибини жорий қилади
18:00 / 12.08.2024
Қувватидан тўлиқ фойдаланилмаётган ўқув бинолари ёшларни ўқитиш шарти билан тадбиркорларга ижарага берилади
17:13 / 12.08.2024
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди
16:34 / 12.08.2024