Ургутда 100 ёшга яқинлашган уруш фахрийсига туғилганлик гувоҳномаси топширилди
Самарқанд вилояти Ургут туманида 100 ёшга яқинлашаётган уруш фахрийсига туғилганлик гувоҳномаси топширилган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Ургут тумани Испанза қишлоғида яшовчи 98 ёшли уруш фахрийси Бўрон бобо Гадоевда шу пайтгача туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома бўлмаган. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уни табриклаш учун хонадонига борган Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси, Ургут туман Давлат хизматлари маркази ҳамда 1-сон ФҲДЁ бўлими ходимлари отахонга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириб беришган.
Бўрон бобо Гадоев 1942 йилда фронтга сафарбар этилган. 2-Беларусь фронти 91-бригадасида инженер-сапёр бўлган. 6 ой командирлар тайёрлаш гуруҳида ўқигач фронтга жўнатилган. У киши ўша йилларни шундай эслайди:
– Урушга 17 нафар ёш, забардаст ургутлик дўстларим билан бирга кетганмиз. Шундан 4 нафаримизга уйга қайтиш насиб қилди. Уч йил урушнинг қайноқ ўчоқларида бўлдим. Икки жойимдан ўқ еганман. Ғалабадан кейин яна икки йил ҳарбий хизматда қолдим. 1947 йилда ватанга қайтиб, салкам эллик йил мактабда ўқитувчилик қилдим, – дейди Бўрон бобо.
Маълумот учун, Иккинчи жаҳон урушида Ургутдан 13 минг киши қатнашган. Улардан 6 минг нафари қайтиб келган. Ҳозирги пайтда туманда уруш фахрийларидан фақат Бўрон бобо Гадоев ҳаёт.
Мавзуга оид
10:58 / 06.04.2024
Навоийда 94 ёшли фуқарога “метрика” берилди
11:52 / 09.05.2023
“Уруш — оғир савдо”. 103 ёшли уруш фахрийси билан суҳбат
22:48 / 24.12.2020
Ургутда ҳужжатсиз яшаб келаётган 214 нафар бола аниқланиб, уларга туғилганлик гувоҳномаси берилди
22:02 / 09.05.2020