Жамият | 16:28 / 07.05.2021
19669
3 дақиқада ўқилади

Муддатидан аввал пенсияга кимлар чиқиши мумкин?

АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда, хусусан, муддатидан аввал пенсияга чиқиш шартлари тўғрисида маълумот берилди.

Таъкидланишича, муддатидан олдин пенсияга чиқариш амалиёти олдиндан мавжуд, бироқ бунда қонунчиликка кўра, маълум бир шартлар қўйилган.

«Муддатидан аввал пенсияга чиқариш амалиёти мавжуд. Бу олдиндан қўлланиб келган. Пенсияга яқин қолган фуқаролар ишламаслигини айтиб, аввалроқ пенсияга чиқаришни сўрашади. Бунда эътибор берадиган жиҳати шуки, маълум бир шартлар қўйилган. Биринчидан, корхона/ташкилоти тугатилган ёки штатлар қисқартиришига учраган ходим бўлиши керак. Иккинчидан, эркаклар 58, аёллар 53 ёшда бўлиши керак. Шундан кейин меҳнат органлари томонидан уларга мос вакант иш жойлари бўлмаган тақдирда, пенсия жамғармасига йўлланма берилади ҳамда уларнинг пенсия ёшига қадар муддатдаги пенсия пуллари Бандликда кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан тўлаб берилади», - деди  Бандлик ва меҳнат вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов.                         

Қонунчиликда муддатидан олдин пенсияга чиқиш тартиби қандай?

Давлат пенсиялари Ўзбекистон республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуни ва пенсия таъминотига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилган ҳолда тайинланади ва тўланади.

Қонуннинг 7 моддасига асосан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил, аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Қонуннинг 14-моддасида технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган эркаклар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил, аёллар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун қандай ҳужжатлар зарур, қаерга мурожаат қилинади?

Ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномаси илова қилиниши керак.

Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан (5 иш кунида) берилган тақдимнома бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман бўлими томонидан муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид