“Собиқ вазирнинг сўзлари нотўғри” — япон компанияси раҳбари
Kun.uz собиқ меҳнат вазири Нозим Ҳусанов билан Жанубий Кореяга ишга юбориш соҳасида яширин коррупция гуллаётгани ҳамда коррупцион схема Япония йўналишида ҳам татбиқ этилаётгани ҳақида суҳбат уюштирганди. Япониядаги JIC компанияси раҳбари Ацуо Тэдзука Kun.uz'га мактуб йўллаб, Нозим Ҳусановнинг айрим сўзларини инкор этди.
Kun.uz олдинроқ ташқи миграция муаммоларига доир суриштирув эълон қилганди. Унда талабгорларни Жанубий Кореяга юбориш соҳасида жойларда яширин коррупция гуллаётгани ҳамда коррупцион схема Японияга ишга бориш йўналишида ҳам татбиқ этилаётгани ҳақида сўз юритилган эди.
Kun.uz суриштирувидан сўнг ўша пайтдаги бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, ҳозирги камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Нозим Ҳусанов билан суҳбат уюштирилди. Собиқ вазир суҳбатда нега япон ташкилоти (JIC) билан ўрнатилган келишувга мувофиқ ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилмаётгани ҳақидаги саволга “япон ташкилоти барча ўзбекистонликлардан пул олмоқчи экан, биз бунга рози бўлмадик” маъносида жавоб берганди.
Таҳририят электрон манзилига JIC компанияси раҳбаридан мактуб келди. Мактубда собиқ вазирнинг иддаоларига раддия берилган.
Шундан сўнг JIC раҳбари Ацуо Тэдзука билан алоқага чиқилди ҳамда ҳолатни батафсилроқ тушунтириб бериш сўралди. У Kun.uz'га қуйидагиларни гапириб берди:
“Собиқ вазир Ҳусанов жаноблари Японияга келганда молиявий масалалар ҳақида умуман гап боргани йўқ. Биз томондан “фақат биз орқали ишлайсизлар” деган гап ҳам бўлгани йўқ, зотан марказ иш берувчилар томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Биз ўзбеклардан пул олиш нарёқда турсин, аксинча, марказимизни юритиш учун белгиланган, иш берувчи компаниялар томонидан ажратиладиган мукофот маблағларининг бир қисмини Агентликка йўналтиришни таклиф қилдик. Собиқ вазирнинг сизга берган жавоби ва бизга берган тушунтириши тамомила фарқли.
Бу ижтимоий лойиҳа бўлиб, унда ишчи фуқаролардан пул олинмаслиги, аксинча фаолиятимиз Япониядаги HR федерацияси ва корпорациялари томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Ва бунда Япония иш берувчилари томонидан, ҳали айтганимдек, Ташқи меҳнат миграциясига ҳам хизмат ҳаққи тўланиши кўзда тутилган ва бу шартномада очиқ-ойдин кўрсатилган.
Япония меҳнат бозорида Ўзбекистон сегментини яратиш учун бизга ҳукуматингиз томонидан ҳамкорлик ёки кўмак бўладими, йўқми, барибир бошлаган ишимизни Япон тили ва касбий малака маркази, Ниппон академияси, хусусий сектордаги ҳамкорлар билан давом этиб, ўзбек ишчиларини Японияда ишга жойлаштириш учун кўмаклашаверамиз. Ва бу лойиҳадан ҳар икки мамлакат халқи манфаатдордир.
Вазир билан бўлган учрашувдан кейин шартномани Ташқи меҳнат миграциясига жўнатганмиз, аммо ҳали ҳам жавоб келмади. Келмаса ҳам керак энди. Август ойи бошида вазирликдан “лойиҳамизни амалга ошириш учун Ўзбекистон раҳбари томонидан топшириқ тушди” мазмундаги хабар олгандик. Шундан кейин марказ нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этилган эди. Иш фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бу ташкилотга аъзо бўлиши масаласида тўхтаб турибди.
Биз таклиф этган ва Ўзбекистон давлат раҳбари томонидан маъқулланган ва айнан “JICHOLDING” билан ҳамкорликда тузилиши топширилган ўзбек ишчиларини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон меҳнат сегментини Япония меҳнат бозорида тарғиб қилиш учун тузилган марказни бошқалар, яъни бир ўзбек фуқароси билан тузилганлиги ҳақида эшитганимиздан сўнг таажжубга тушдик”.
Ацуо Тэдзуканинг таъкидлашича, улар мазкур лойиҳага ўхшаган марказлар кўпайиши тарафдори. Айнан шу марказлар япон компанияларига ўзбек ишчилари ҳақида кўпроқ маълумотлар беради. Лекин японлар учун шаффоф, адолатли, мукаммал ва коррупцион механизмдан ҳоли шарт шароит яратилиши муҳим.
Мавзуга оид
21:54 / 26.11.2024
Amazonʼнинг Япониядаги штаб-квартирасида тинтув ўтказилди
17:06 / 25.11.2024
АҚШ Японияга HIMARS тизимларини жойлаштиради
00:06 / 25.11.2024
Япониялик олимлар денгиз сувида парчаланувчи пластик материални ихтиро қилди
18:17 / 23.11.2024