Жаҳон | 14:28 / 13.05.2021
44713
4 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги уруш: толиблар яна бир туманни эгаллашди, ҳукумат қўшинлари чекинмоқда

Рамазон ойи якунланиши муносабати билан эълон қилинган уч кунлик сулҳ бошланиши арафасида «Толибон» кучлари Кобул атрофидаги туманлардан бирининг марказида назорат ўрнатди. Улар сентябрь ойида америкалик ҳарбийлар кетишига тайёргарлик кўришмоқда.

Фото: EPA

Сешанба куни «Толибон» радикал ҳаракати вакили қўққисдан ҳужум қилиниши оқибатида Кобулдан шарқда жойлашган Вардаг вилоятидаги Нерҳ тумани маркази қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Нерҳ - бир ҳафта ичида толиблар томонидан эгаллаб олинган иккинчи туман бўлди. 5 май куни улар мамлакат пойтахтидан шимолда жойлашган Боғлон вилоятининг Борка туманини қўлга олишганди.

АҚШ президенти Жо Байден америкалик ҳарбийлар олиб кетилишининг сўнгги муддати сифатида эълон қилган 11 сентябрь санаси яқинлашар экан, толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги зиддият кескинлашиб бораверади.

«Майдон-Вардаг вилоятидаги Нерҳ тумани маркази полиция бошқармаси, разведка бўлими ва катта армия базаси билан биргаликда қўлга олинди», деган твиттердаги саҳифасида «Толибон» вакили Забиҳулло Мужоҳид. У ҳужум вақтида ҳукумат кучларининг кўплаб аскарлари ўлдирилгани ҳамда ярадор қилинганини қўшимча қилган.

Вардаг вилояти губернатори Абдул Раҳмон Тариқ туман назорати қўлдан кетганини тасдиқлаган ва ҳукумат қўшини «тактик чекинув» тартибида у ерни тарк этганини маълум қилган.

Чоршанба куни Афғонистон мудофаа вазирлиги бу ҳудудни толиблардан қайтариб олиш учун жанг олиб борилишини билдирди.

Пайшанба куни Афғонистонда Рамазон ойи тугаши муносабати билан уч кунлик сулҳ кучга кирди.

Жо Байден америкалик аскарлар олиб кетилиши муддатини эълон қилганидан кейин «Толибон» Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматига қарши ҳаракатларини фаоллаштирди.

Бир неча кун муқаддам Кобулдаги қизлар мактаби олдида бомба портлатилиши оқибатида 68 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксари ўсмир ёшдаги ўқувчи қизлар эди, шунингдек, 165 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган. Ҳукумат терактда толибларни айблаган, улар эса бу ҳужумга алоқадор эмасликларини билдиришган.

АҚШ президенти Жо Байден 17 апрель куни америкалик ҳарбийларни Афғонистондан олиб чиқиш жараёни 1 май куни бошланиб, 11 сентябрь куни якунланиши ҳақида эълон қилди. Байден бу қарорни америкаликлар ушбу мамлакатга бостириб кирганидан кейин ўтган 20 йил мобайнида кўзланган мақсадга эришилгани - энди бу мамлакат Ғарбда терактлар уюштирувчи жангарилар учун қароргоҳ бўлмаслиги таъминлангани билан изоҳлаганди.

Аввалги президент Дональд Трамп ҳарбийларни аввалроқ, 1 май кунига қадар олиб чиқишни режалаштирганди.

Ўтган йили БМТ вакили «Ал-Қоида» террорчи ташкилоти ҳамон толиблар билан алоқаларни сақлаб қолгани ва бу ҳаракат сафида ушбу гуруҳ аъзолари ҳам борлигини маълум қилганди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳукумат кучлари жангариларга қарши туришга қодирлигига ишонч билдириб келмоқда.

Аммо кўплаб афғонлар ва хорижий кузатувчилар бунга ишонишмайди: улар америкаликлар кетгач, мамлакатга яна «Толибон» ҳукмронлиги даври қайтишидан хавотирланишмоқда.

Мавзуга оид