«Шу мактабда ўқимоқчи бўлсанг, рўмолингни ечасан» — мактаб директори ўқувчиларга таҳдид қилди
Тошкент вилояти Чиноз туманида ўзбекистонликлар учун оғриқли мавзу – хотин-қизларнинг рўмол ўраши масаласида навбатдаги хунук воқеа содир бўлди.
Тумандаги 45-мактаб директори Зубайда Тошпўлатова мактаб ўқувчилари бўлган бир неча қизга рўмол ўрагани учун ўдағайлаган ва улардан мактабга бошқача либосда келишини талаб қилган.
Ҳолат аудиоси интернетда тарқалиб, ўзбек сегментидаги минглаб фойдаланувчилар мактаб директорининг шаънида «илиқ» сўзларни билдириб улгурди.
«Сайлов ўтиб олсин, кўрасанлар»
Мактаб директорининг бир гапи айниқса эътиборни тортади. Унинг айтишича, рўмол ўраётганларга сайлов яқин бўлгани учун индашмаётган экан (ким индамаётгани айтилмаган). Мактаб директори Зубайда Тошпўлатованинг айтишича, сайлов ўтганидан кейин ҳаммаси бошқача бўлади ва рўмол ўраганларнинг ота-оналари «баъзи ташкилотлар» томонидан суриштирилиши мумкин. Бироқ мамлакатдаги «сиёсий ҳолатдан бохабар» директор қайси ташкилотлар ҳақида гапираётганини очиқ айтмаган.
«Сизларга айтиб қўяй, ҳозир [рўмол ўрашингизга] индамаяпти, сайлов ўтишини кутяпти. Сайлов ўтиб олсин, кўрасанлар. Ота-онангни қанақадир ташкилотлар келиб суриштириши керакми сенга? Ундан кўра ҳозир ўқи, институтларни битирвол, кейин ўрасанг ўрайверасан. Ўшанда ҳам давлат ишида ишламасанг», – деган директор.
У қизларнинг Ислом университетига ўқишга кирмоқчи экани ҳақидаги гапини заҳарханда билан қаршилаб, бу олийгоҳга кириш учун рўмол ўрашнинг ўзи етарли бўлмаслигини айтган.
«Шу мактабда ўқимоқчи бўлсанг, рўмолингни ечасан»
Мактаб директори қизларнинг баъзиларидан мактабда ўқишни истаса, рўмолини ечишини талаб қилган.
«Бу иккаласи-ку 11-синф, кетади, лекин сенлар мактабда ўқимоқчи бўлсанг, рўмолингни ечасан. Қаерга нима деб борсанг, мана шу гапимни етказ. Рўмоллилар сафи мактабда кўпайиб кетишини хоҳламайман. Чунки мактабнинг ўз устави бор.
Йўқ, рўмолимни ечмайман, десанг, бошқа мактабда ўқи. Сен иккаланг 11-синф бўлганинг учун майли, шарфни орқадан бойлаб келасан. Оқ шарф бўлсин, қора эмас. Сўғдиёна, эй, сенга қаердан ваҳий келди? Тепадан келдими?» – деган 45-мактаб директори.
Кўп ўтмай Зубайда Тошпўлатова гапирган гаплари учун кечирим сўраб чиқди
Унинг айтишича, ўқувчи қизлар билан суҳбатда «ваколати доирасида» ҳаракат қилган.
«Рўмол билан сайлов жараёнининг алоқаси йўқ. Фақатгина сайлов вақтида халқаро кузатувчилар келганда дунёвий мактабга [нисбатан] уларнинг фикри ўзгармаслиги учун уларга тушунтириш ишларини олиб бордим. Бу борада менга ҳеч ким буйруқ бергани йўқ.
Нотўғри тушунчага эга эканимни тушуниб етдим. Қилган нотўғри муносабатим учун жамоатчиликдан ва ота-оналардан узр сўрайман», – деган директор ва ўзи ҳам мусулмон фарзанди эканини айтган.
Мактаб директори ўзи билиб ёки билмай жуда кўп мавзуларда хато гапларни айтган. Тарқалган аудиодаги энг нозик гап сайлов ҳақида.
2021 йил октябр ойида Ўзбекистонда президентлик сайловлари бўлади. Ўқитувчи мана шу сайловдан кейин рўмол ўраганларга нисбатан муносабат ўзгариши, мактаб ўқувчиларининг ота-оналари рўмол ўрагани учун суриштирилишини айтган. Бу гап дунёга очилиб, бу орқали иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни кўзлаётган Ўзбекистондек катта давлатга нисбатан туҳмат ва ҳақоратдир.
Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистонда рўмол ўрашга ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмайди», деган ва президентнинг айтган гапи расман давлат позицияси ҳисобланади.
Одамларда давлатнинг позициясига шубҳа уйғотиш эса «сиёсий ҳушёрлик қиляпман» деб ўйлаган мактаб директори томонидан йўл қўйилган қўпол сиёсий хатодир.
Шунингдек, ўқитувчи Ўзбекистон сайловгача бошқача, сайловдан кейин бошқача давлат бўлишини иддао қилган. Албатта, директор фуқаро сифатида давлатнинг сиёсати ҳақида ҳар қанча гапириши, уни танқид қилиши мумкин, лекин у минглаб ўқувчи ва ўқитувчиларга масъул давлат хизматчиси сифатида бошқаларда давлат сиёсати ҳақида бошқача фикр уйғотишга уриниши қанчалик мумкинлигини ўйлаб кўриш керак.
Зубайда Тошпўлатова мактаб ўқувчиларига кейинчалик рўмол ўрайвериши, шунда ҳам давлат ишида ишламаса, деб айтган. Бу ҳам давлатнинг расмий позициясига зид. Чунки давлат ташкилотларига рўмолда бориш мумкин эмас деган чеклов йўқ. Яна ўша гап, президент бу борада давлатнинг расмий позициясини билдириб бўлган.
Директорнинг навбатдаги чалғитувчи гапи унинг кечирим сўраш баёнотида кўзга ташланади. Унинг айтишича, қизларга сайлов вақтида халқаро текширувчилар келганда дунёвий мактаб ҳақида бошқача таассурот уйғотмасликлари учун рўмол ўрамасликларини айтган. Лекин мамлакатнинг келажаги, бевосита иқтисодий ҳолатига таъсир қилувчи кадрларни тарбиялашга масъул мактаб директори дунёвий давлат фуқаролари рўмолда юрганлардан қўрқмаслигини, буни оддий қабул қилишларини унутган. Масалан, АҚШ демократик партиясининг машҳур вакили Илҳан Омар сайловчилари олдида ёки конгрессда рўмолда чиқишига ҳеч ким қаршилик қилмайди.
45-мактаб директорининг илми ҳам ҳаминқадар экани кўриниб турибди. У ўқувчи қизларнинг биридан рўмол ўраш борасида ваҳий қаердан келганини сўраган. Ваҳий эса саралаб олинган хос инсонлар – пайғамбарларга Аллоҳ томонидан юбориладиган муждадир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакат ҳамма ўз иши билан шуғуллансагина ривожланади, бой бўлади. Биз 30 йил рўмол ўраш керакми ёки ўрамаслик деб тортишиб ўтирганимизда, дунёнинг ўртамиёна давлати Хитой бутун иқтисодий гигантга айланди. Ёки бўлмаса Туркияни олайлик. У ерда ҳам бир вақтда биздаги муҳокамалар бўлган ва турклар ажойиб кунларнинг бирида одам хоҳлагандек яшаши, давлат эса иқтисодий ривожланиш ҳақида ўйлаш кераклигини тушуниб етишди. Натижада шунча йил фақат тарихи билангина фахрланган Туркия бугун минтақанинг ҳамма ҳисоблашадиган гигантига айланди. Хулоса ўзингиздан...
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
07:22 / 12.09.2022
ИИББ 142-мактабда ўқувчилар текширилгани бўйича изоҳ берди
16:39 / 08.09.2022
Навоийда эҳтиёжмандларга ажратилган ёрдам пуллари “туя” қилиняпти
11:50 / 27.07.2022
Қизларнинг мактабга миллий рўмолда келиши ман этилмайди — Халқ таълими вазири
18:48 / 15.10.2021