Жамият | 16:00 / 22.05.2021
12141
6 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда 2015 йилда қурилган кўп қаватли уй ҳамон канализацияга уланмаган

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Тутзор маҳалласи аҳлидан келиб тушган мурожаатга кўра, улар истиқомат қилаётган кўп қаватли уйнинг канализацияси ишламайди. Бунга сабаб — на масъуллар, на тадбиркор ўз вазифасини бажаряпти.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу уйда яшашини маълум қилган Комил Раҳимов 3 йилдирки ушбу ҳолатга ҳеч ким эътибор қаратмаётганини айтди.

«Ўзи норматив лойиҳаларга биноан бу типдаги кўп қаватли уйлар учун канализация тармоғи уланган тозалаш иншооти (очистное сооружение) барпо этилиши керак. Бироқ, қурувчи унинг ўрнига кичкина қудуқ қурган. Қудуқ ҳар уч кунда тўлиб қолаверади. Оқибатда оқова сувлар уйлар олдидаги болалар майдончасига ҳам тошиб чиқмоқда. Бундай антисанитария ҳолатида болалар бирор касаллик орттириши ҳеч гап эмас.

Комил Раҳимов

Масъуллар ё пулимизни қайтаришсин, ёки бўлмасам канализацияни ўнглаш бўйича амалий ёрдам кўрсатсин. Қурувчи тўғрилаб берсин. Кичик қудуқдан сув уйларнинг ертўлаларига ҳам сизмоқда. Сассиғига чидаб бўлмайди. Кўп қаватли уй чўкиши ҳам ҳеч гап эмас», — дейди Тутзор маҳалласи турғуни Комил Раҳимов.

Маълум бўлишича, кўп қаватли уйлар «Мироншоҳ» ширкатига тегишли бўлиб, клохонага айни пайтда Тошкан Тоғаев раислик қилмоқда. Аҳоли кўп қаватли уйдаги камчиликлар туфайли ширкатга пул тўламай қўйган. Масъуллар ҳам эътибор қаратмаяпти.

Тошкан Тоғаев, «Мироншоҳ» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси

«Канализация кўнгилдагидай эмаслиги натижасида аҳоли жабр кўрмоқда. Бир неча бор мутасадди раҳбарларга мурожаат қилганмиз, лекин натижа йўқ. Мотор билан вақтинча тозалаб турибмиз. Мотор ишламай қолганида кунига 5-6 машина ахлатни ҳар бирини 70-80 минг сўмдан нақд тўлаб чиқармоқдамиз. Лекин эртасига яна тўлган бўлади», — дейди «Мироншоҳ» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Тошкан Тоғаев.

Шу маҳалладаги ҳовлиларда яшовчи аҳоли ҳам ушбу ҳолатдан безор. Кунлар исиши билан атрофни чулғаб оладиган бадбўй ҳид уларга ҳам тинчлик бермаётганини айтишди.

Зулайхо Бобожонова

«Қуёш чиққан вақтдан бошлаб уйнинг ичида ҳам туриб бўлмай қолган. Набираларимни уйни ичида олиб ўтираман. Энди кунлар исиб, пашша ҳам роса кўпаяди. Камига, сизаётган оқова сувларнинг нами уйимизнинг деворига ҳам ўтмоқда. Уйимиздан бадбўй ҳид келиб қолган», — дейди Тутзор маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Зулайхо Бобожонова.

Кўп қаватли уйга қулай шароитларда яшашни мўлжаллаб кўчиб ўтган Мавжуда Якубова эса ҳозир бу қароридан жуда-жуда афсусланаётганини билдирди. Унинг айтишича, ушбу канализация туфайли болалар ҳам майдончада ўйнолмаяпти.

Мавжуда Якубова

«Биз қишлоқдан қариган чоғимизда яхши шароитларда яшаш, дам олиш умидида кўчиб келганмиз. Лекин шароит бу аҳвол, болалар эмин-эркин ўйнолмаса, сассиғига туриб бўлмаса», — дейди М.Якубова.

Ширкат раиси Тошкан Тоғаевнинг маълум қилишича, ширкат ҳисобида деярли пул йўқ. Аввалги раҳбар банкдан кредит олиб ишлатиб юборган. Айни вақтда ҳеч қандай ҳужжатлар йўқ. Кўп қаватли уйларнинг режалари ҳам йўқ.

«Аҳоли 250-300 миллион сўмга уй олган. Канализация бузуқлиги туфайли бошқа тўловлар учун ҳам пул тўлагиси йўқ. Ширкат раиси сифатида талаб қилсам — улар талабимни қондирмаяпти. Қудуқлар тўла, сув гулзорларга ҳам тошиб кетмоқда», — дейди ширкат раиси.

Ушбу мурожаатдан сўнг Шаҳрисабз шаҳар «Сувтаъминот» корхонаси раҳбари Адҳам Юсуповдан ушбу ҳолат бўйича маълумот олдик. Раҳбарнинг айтишича, Франция тараққиёт агентлиги шаҳарга пул ажратмоқда. Ана шу маблағлардан бир қисми шаҳарнинг сувоқова тизимига ажратилиши кўзда тутилган.

Адҳам Юсупов, Шаҳрисабз шаҳар «Сувтаъминот» корхонаси раҳбари

«Шаҳрисабзда оқова сув тармоқлари ўз ҳолида оқадиган канализация бўлиб, насос станциялари қурилиши зарур. Тутзор маҳалласидаги 303 ва 304-уйлар учун ҳам ана шундай КНС қурилиши мақсадга мувофиқ. Франция тараққиёт агентлигини пул маблағлари эвазига Шаҳрисабз шаҳар ҳудудида 11 та КНС қурилиши кўзда тутилган. Ушбу уйлар орасида 1 тасини қурамиз. Босимли канализация орқали оқова сувлар шаҳар марказий канализация тармоғига ташлаб берилади», — деди Шаҳрисабз шаҳар «Сувтаъминот» корхонаси раҳбари Адҳам Юсупов.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Акбар Эшонқулов ҳам ушбу ҳолатга эътибор қаратишини маълум қилди:

Акбар Эшонқулов, Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари

«2015 йилда қурилган ушбу кўп қаватли уйларда вақтинчалик қудуқ қурилган, канализация ҳудуднинг марказий линиясига уланмаган экан. Ушбу ҳолатни ўрганамиз, тез орада муаммони ҳал этамиз», — деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Акбар Эшонқулов.

Ушбу чиқишимиз орқали қурилганига кўп бўлмаган уйларнинг муаммоларидан бирига эътибор қаратдик. Масъуллар ушбу мурожаат орқали бошқа кўп қаватли уйлардаги канализация ҳолатларига ҳам эътибор қаратишса мақсадга мувофиқ иш бўларди. Зеро, барча меҳнатларимиз аҳоли манфаатлари учун.

Kun.uz ушбу ҳолатни кузатишда давом этади.

Ўролжон КАМОЛОВ тайёрлади.

Мавзуга оид