Ўзбекистон | 08:29 / 26.05.2021
5889
3 дақиқада ўқилади

Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари шаҳардаги маҳаллаларга маънавий ҳомийлик қиляпти

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш мавзусида ўтказилган йиғилишда «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойили асосида профессор-ўқитувчилар ва таниқли зиёлиларни бириктириш таклифини берганди.

 Термиз давлат университети ректори Авазжон Мараҳимов ташаббуси билан Термиз шаҳридаги 24 та маҳалланинг имконияти чекланган болалар ва кам таъминланган фуқаролари ҳолидан хабар олинди.

 Университетда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар, хусусан, кам таъминланган ҳамда ногирон болаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни маънавий, руҳий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар бошлаб юборилди.

 Хусусан, Термиз шаҳрининг Эски шаҳар маҳалласида яшовчи Исо Эргашевга ногиронлик аравачаси совға қилинди. Бу Исо ҳамда унинг оиласига кутилмаган совға бўлди. 

Университет жамоаси Термиз шаҳридаги йигирма тўртта маҳаллада бўлдилар. Кўнгилларга шодлик улашилди, аҳолининг ижтимоий аҳволи, турмуш тарзи ўрганилди. Ўрганишлар натижасида таъмирталаб уйларни таъмирлаш, вақтинча ишсиз ёшларни фан тўгаракларига жалб қилиш, тикувчилик қилишни истаган аёлларга тикув машинаси олиб бериш ва бу орқали аёлларнинг даромад топишига кўмаклашиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга кредит олишда амалий ёрдам бериш каби ижтимоий-иқтисодий муаммолар эшитилди. 

 Термиз давлат университети иқтисодиёт ва туризм факультети жамоаси Термиз шаҳридаги Боғзор маҳалласига борди. Маҳаллада жами 1456 та оила, 1201 та хўжаликда 5450 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан аёллар дафтарида 102 нафар, ёшлар дафтарида 146 нафар, темир дафтарда 10 нафар фуқаро рўйхатда туради. Шу кунгача 8 нафар “Темир дафтар”да турувчи, 5 нафар “Аёллар дафтари”да турувчи фуқароларнинг ҳолидан хабар олинди. “Ёшлар дафтари”да турувчи 95 нафар ёшлар университетда ташкил этилган фан, санъат, спорт ва бошқа тўгараклар ҳамда ўқув курсларига жалб этилди.

Маҳалла ҳудудидаги 9 та кўчадаги ижтимоий-маиший муаммолар, хусусан, кўчаларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш каби ишларни амалга оширишда факультет жамоаси жонбозлик кўрсатди. Таъбир жоиз бўлса, “Бир маҳаллага бир зиёли маънавий ҳомий” тамойилининг амалдаги ижросини таъминлашга эришилди. Ногиронлиги бор 3 нафар фуқаронинг ҳолидан хабар олинди.

Бу каби амалий ишлар шаҳардаги барча маҳаллаларда тизимли тарзда давом эттирилмоқда.

Термиз давлат университети ахборот хизмати.

 

Мавзуга оид