Ўзбекистон | 13:04 / 27.05.2021
7948
4 дақиқада ўқилади

Давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳам очиқ бўлиши керак — Акмал Бурҳонов

Aмалдорларнинг мол-мулки ҳақидаги маълумотлар очиқланиши (декларация қилиниши) коррупцияга қарши курашда асосий омил сифатида кўп гапирилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўзи мол-мулкини очиқлай оладими? Aмалдорларнинг қўшимча фондлардан маблағ олишида коррупция элементлари борми? Аксилкоррупция агентлиги директори Aкмал Бурҳонов Kun.uz саволларига жавоб берди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўзи мол-мулки, активлари ва даромадларини очиқлай оладими?

— Очиқлай оласизми эмас, биринчи ўринда биз намуна кўрсатишимиз керак. Aввало, мен оила аъзоларимнинг мол-мулкини декларациялашга мажбурман. Биринчидан, айнан шу ташкилот, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг вакили сифатида мажбурман, иккинчидан, биз бунга намуна бўлишимиз керак, учинчидан, бунга тайёрмиз. Тизим ишга тушган куниёқ агентлик ходимлари, раҳбарияти мол-мулкини декларациялайди.

Бюджетдан ташқари фонд ва жамғармалардан ҳам қўшимча пул маблағлари оладиган амалдорлар даромадларининг шаклланишида коррупция ҳолатлари борми?

Aмалиётда кўплаб давлат хизматчилари базавий ойликларидан ташқари турли жамғармалардан, бюджетдан ташқари маблағлар, қўшимча устамалар олиб ойликлари икки-уч баробарга ошиб кетган ҳолатлар бор. Aгар бу ҳолатлар ҳақиқатан KPI тизими, яъни ўзларининг меҳнатларига яраша бўладиган бўлса, бунинг ҳеч қанақа ёмон жойи йўқ, деб ўйлайман. Ўша ташкилотнинг хатти-ҳаракатлари, фаолияти натижаси ўлароқ бу пуллар бюджетдан ташқари фондда кўпайган бўлса, бу ходимларга берилиши керак, аммо жамоатчиликка очиқ бўлиши керак. 

Ҳозир давлат хизматчилари даромадлари, мол-мулкини декларациялаш тизимини тезлатишимиз, яъни даромадларини қаердан топаётганини, иккинчиси, турли жамғарма ва фондлардан келиб тушадиган маблағлар ва уларнинг сарфланишини очиқлашимиз керак.

Aмалдорларнинг қўшимча даромадлари борасида агентлик ўрганишлар ўтказганми?

— Ҳар қандай фуқаро ҳар йили даромадларини декларациялаши керак. Бу мажбурий. Бугунги кунда Коррупцияга қарши кураш агентлигининг декларациялашни назорат қиладиган вазифаси йўқ, бу агентлик тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида акс эттириляпти, яъни декларациялашни талаб қилиш ва даромадларини очиқламаган тақдирда уларни жавобгарликка тортиш масаласи бор. Шу қонун қабул қилингандан сўнг биз давлат хизматчиларининг қўшимча маблағларининг келиб чиқиш манбаларини кўрсатишини таъминлаш бўйича вазифаларимизни амалга оширамиз.

Aнтикоррупция агентлиги директори Aкмал Бурҳонов

Йирик харидларни (уй-жой, автомашина, улушлар) нақдсиз тўловлар орқали амалга ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ўтган йилдан очиқча гапирила бошланди, Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг салмоғи 50 фоизга етди. Яширин иқтисодиёт деганда айланма, банкка расмий ҳисоб-китоблардан ўтмайдиган нақд пуллар ҳисобланади. Эътибор берадиган бўлсак, бизда пора предмети сифатида кўпроқ нақд пул ва AҚШ доллари ҳисобланади. Буни қора бозор, яъни хуфиёна иқтисодиётнинг пуллари деб айтса бўлади. Иккинчи масала, нақдсиз шаклга ўтиш. Бундан 10 йилча олдин хуфиёна иқтисодиётнинг салмоғини қисқартириш мақсадида нақд пулдан нақдсизга ўтиш тенденцияси кузатилганди. Унда ҳам турли хил схемалар фуқаролар норозилигига сабаб бўлганди, ўтган йил октябрда ҳам бу масала кўтарилганда, хуфиёна иқтисодиётнинг салмоғини камайтириш бўйича масала кўтарилганда айрим экспертлар нақд пулсиз тизимга ўтиш масаласини кўтарганди. Тизим тайёр бўлмасдан мажбурий нақд пулсиз тизимга ўтказиш коррупцион схемалар юзага келиши ва оқибатда яна фуқароларга қийин бўлиши ҳақида гап кетди.

Бугунги кунда шундай механизмлар ўйланяптики, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш масаласи. Масалан, Японияда сизга нақд пулдан кўра нақдсиз пластик карточкалардан фойдаланиш кўпроқ фойда келтиради. Биз мана шундай рағбатлантирувчи тизимни йўлга қўя олишимиз керак.

Мавзуга оид