Ўзбекистон | 17:58 / 23.06.2021
2992
2 дақиқада ўқилади

Навоийнинг «сариқ осмони»га чиқинди полигонидаги ёнғин сабаб бўлгани маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда бир неча кундан бери тонгда Навоий шаҳри осмони сарғимтир тусга кираётгани ва ўткир ҳидли, бўғувчи ҳаводан нафас олишнинг имкони бўлмаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳолатни ўрганиб чиқиб, муносабат билдирди

Маълум қилинишича, об-ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида Кармана тумани ҳудудида жойлашган, «Бережливость» ХИЧКга қарашли чиқиндиларни кўмиш полигонида 2021 йил 19 июнь куни ёнғин содир бўлган. Бунинг оқибатида атмосферага катта миқдорда тутун, турли газлар, канцероген моддалар, ис гази ва бошқа моддалар ажралиб чиққан. Шамол таъсирида ушбу газлар шаҳар атмосфера ҳавосида сақланиб, аномалия ҳолатини содир қилган ва аҳоли учун ноқулай шароитни келтириб чиқарган.

2021 йил 22 июнь куни бошқарманинг атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими ва вилоят гидрометеорология бошқармаси ҳузуридаги Навоий шаҳар атмосфера ҳавосини мониторинг қилиш лабораториялари ҳамкорлигида чиқиндихонанинг санитар ҳимоя минтақасидан намуналар олиниб, таҳлил ишлари олиб борилган. 

Чиқиндихонанинг шарқий томонидан олинган намуналар таркибида азот оксиди, олтингугурт икки оксиди, углерод икки оксиди белгиланган меъёрлардан юқори ҳолатни кўрсатган. Гидрометрология лабораторияси таҳлиллари натижаларида эса ноорганик чанг, олтингугурт оксиди, углерод оксиди, азот икки оксиди, аммиак меъёрдан юқорилиги маълум бўлган.   

«Меъёрдан юқори чиққан ҳолатлар бўйича табиатга етказилган зарар ва атмосфера ҳавосини ифлослантирганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, барча ҳолатлар бўйича судга чиқариш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда. Ушбу ҳудуд Навоий вилояти Экология бошқармаси давлат инспекторлари томонидан назоратга олинди. Ишнинг якуни бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади», — дейилади бошқарма муносабатида.

Мавзуга оид